Наманганда «Синeргия» рақамли касблар тeхникуми очилади
2024-07-27 20:05:00 / Янгиликлар

Тадбирда вилоят ҳокимининг рақамлаштириш бўйича маслаҳатчиси Бахтиёр Ахунбабаев, Олий таълим, фан ва инновациялар бошқармаси бошлиғи Абдулахат Гаффаров, «Синергия» университетининг «Минтақавий техникумлар» лойиҳасини ривожлантириш бўйича директори Александр Тетерюк, Наманган шаҳридаги «Синергия» рақамли касблар техникуми директори Валентина Борисова, шунингдек, касб-ҳунар мактаблари, академик лицейлар ҳам шаҳар, туманлар IT-таълим марказлари раҳбарлари қатнашдилар.
Учрашувда Тўрақўрғон агросаноат техникуми ва «Синергия» университетининг «Минтақавий техникумлар» лойиҳасини ривожлантириш ташкилоти ўртасида қўшма таълим дастурини амалга ошириш доирасида ўқув жараёнини ташкил этиш тартиби тўғрисида шартнома имзоланди.
Шартномага асосан, жорий йил октябрь-ноябрь ойларида Тўрақўрғон агросаноат коллежи ва Россиянинг «Синергия» рақамли касб-ҳунар техникуми негизида рақамли касблар техникуми ташкил этилади.
Шунингдек, «Синергия» университети томонидан Наманган шаҳридаги IT-School негизида болалар учун қўшимча “Synergy Hub Junior” таълим марказини ҳам ташкил этилиб, унда болаларга ишбилармонлик ўйинлари ва маҳорат дарслари (мастер-класс) орқали рақамли касблар билан танишиш имконияти яратилади. Марказ томонидан биринчи ўқув йилида дастурлаш, робототехника, веб-дизайн ва бошқа IT-йўналишларида таълим дастурларини ишга туширилади.
Техникум ва болалар ўқув марказида машғулотларни наманганлик IT-соҳаси амалиётчилари ва россиялик мутахассислар олиб боришади.
Бундан ташқари, Наманган шаҳрида «Синергия» Халқаро корпорацияси рақамли касблар техникуми ҳамда болалар ўқув марказининг ташкил этилиши муносабати билан жорий йил 24 – 26 июль кунлари давомида вилоят ўрта таълим мактаблари раҳбарлари ва соҳа мутахассислари ҳамда вилоятдаги касб-ҳунар мактаблари ва академик лицейлар, IT-таълим марказлари раҳбарлари учун «Синергия» рақамли касблар техникуми тақдимоти ташкил этилди.
Тақдимот маросимларида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.









