"Янги Наманган"да бунёдкорлик суръати: кун эмас, соат сайин ўзгараётган маҳалла.
2026-05-26 16:15:00 / Янгиликлар

Маҳаллада инфратузилмани модернизация қилиш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Янги ижтимоий объектлар барпо этилиши, ички йўлларни босқичма-босқич таъмирлаш ҳамда муҳандислик-коммуникация тармоқларини замонавий талаблар асосида янгилаш жараёнлари аҳолининг кундалик ҳаёт сифатига ҳам сезиларли таъсир кўрсатмоқда.
Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов "Янги Наманган" маҳалласида олиб борилаётган ишлар билан жойида танишди. Ўрганишлар давомида қурилиш ишларининг сифати, белгиланган муддатларга риоя этилиши ҳамда аҳоли учун яратилаётган қулайликлар атрофлича муҳокама қилинди.
Ўрганиш чоғида масъулларга барча лойиҳаларни сифатли ва ўз вақтида якунлаш, маҳаллада тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш орқали иқтисодий фаолликни ошириш ҳамда инфратузилмани янада ривожлантириш юзасидан аниқ вазифалар юклатилди.
Шунингдек, маҳаллада аҳоли саломатлиги ва фаол турмуш тарзини қўллаб-қувватлашга қаратилган “Саломатлик йўлакчаси” барпо этилаётгани алоҳида эътиборга молик. Узунлиги 3 километрни ташкил этувчи ушбу йўлакча аҳоли учун пиёда юриш, югуриш ва енгил спорт машғулотлари билан шуғулланиш имкониятини кенгайтириши билан аҳамиятлидир.
Ушбу лойиҳа, айниқса, ёшлар ва кекса авлод вакиллари учун соғлом турмуш тарзини шакллантиришга хизмат қиладиган замонавий ижтимоий макон сифатида баҳоланмоқда.
Наманган вилояти ҳокимлиги
Aхборот хизмати








