Минерал ва маҳаллий ўғитлар билан озиқлантириш — ғўзага қувват, ҳосилга барака беради.
2026-05-26 10:05:00 / Янгиликлар

Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов бугун эрта тонгдан Норин туманида бўлиб, соҳа бўйича ўринбосар, оқсоқол-маслаҳатчилар ва бошқа мутасаддилар билан бирга ғўза майдонларидаги агротехник тадбирлар ҳолатини ўрганди.
Маълумотларга кўра, жорий йил ҳосили учун туманда 4322 гектар майдонда ғалла, 4701 гектарда эса ғўза парвариш қилинмоқда. Айни паллада ҳар бир агротехник тадбирни ўз вақтида ва сифатли бажаришга устувор аҳамият берилмоқда.
Ишчи гуруҳи дастлаб “Пахтакор” ММТП ҳудудида жойлашган “Водий барака” кластер фермер хўжалигида бўлиб, ғўзанинг ривожланиш жараёни, қатор ораларига ишлов бериш ва озиқлантириш ишлари билан танишди.
Мазкур хўжаликда 500 гектар ер майдонининг 250 гектарида “Шинжон” технологияси асосида қўшқатор экиш усули жорий этилган бўлиб, плёнка остида томчилатиб суғориш тизими қўлланилмоқда. Шунингдек, 250 гектарда ғўза осиқ усулда парвариш қилинмоқда.
Шу билан бирга, “Норинлик Асрор” фермер хўжалигида амалга оширилаётган инновацион ёндашувлар ва замонавий агротехнологиялар самарадорлиги таҳлил қилинди.
Икки дарё оралиғидаги орол ҳудудида ривожланишдан орқада қолаётган ғўза ниҳолларига ишлов бериш жараёни кўздан кечирилди.
Майдонлардаги ўрганишлар давомида вилоят раҳбари фермерлар билан мулоқот қилиб, бугунги палла пахта ҳосили тақдирини белгилайдиган энг муҳим босқич эканини таъкидлади. Хусусан, бегона ўтларни бартараф этиш, зараркунанда ҳашаротларга қарши тизимли курашиш ҳамда сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш бўйича тегишли кўрсатмалар берилди.
Наманган вилояти ҳокимлиги
Aхборот хизмати









