Жадал ривожланаётган Чортоқда яна бир йирик инфратузилма лойиҳаси — кўприк қурилишига старт берилди.
2026-05-08 17:15:00 / Янгиликлар

1974 йилда барпо этилган мазкур кўприк Уйчи ва Чортоқ туманларини ўзаро боғловчи муҳим транспорт иншооти сифатида ҳудудлараро қатновда алоҳида аҳамият касб этиб келган. Бироқ йиллар давомида табиий омиллар, жумладан коррозия ва ер юзаси эрозияси таъсирида конструкцияларда маълум даражада эскириш ҳолатлари юзага келган.
Мавжуд ҳолатни инобатга олган ҳолда, кўприкни замонавий муҳандислик ечимлари асосида қайта қуриш бўйича қиймати 36 миллиард сўмлик лойиҳа ишлаб чиқилди.
Унга кўра, мазкур ҳудудда ҳаракат хавфсизлиги тўлиқ таъминланган, пиёдалар йўлакларига эга ва ҳар томонлама қулай бўлган 4 тасмали янги кўприк барпо этилади.
Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов мазкур объектда бўлиб, бундай йирик инфратузилма объектларини барпо этишда пухта ҳисоб-китоблар асосида ишлаб чиқилган, барча техник ва хавфсизлик талабларига жавоб берадиган лойиҳалар ҳал қилувчи аҳамиятга эга эканини таъкидлади.
Шунингдек, ушбу лойиҳанинг амалга оширилиши ҳудуднинг транспорт инфратузилмасини янада ривожлантириш, аҳоли учун қулай ва хавфсиз ҳаракат муҳитини яратишга хизмат қилиши қайд этилди.
Қурилиш олдидан жонлиқ сўйилиб, нуронийлар иштирокида хайрли ишлар бардавом бўлишини тилаб дуолар қилинди.
Шундан сўнг, қурилиш ишлари расман бошланди.
Наманган вилояти ҳокимлиги
Ахборот хизмати








