"Чортоқ" санаторийси негизида янги замонавий сиҳатгоҳ қурилади
2026-05-07 19:05:00 / Янгиликлар

Бугунги кунда туманда 11 та санаторий ҳамда 46 та уй меҳмонхонаси фаолият юритиб, минглаб фуқароларга хизмат кўрсатиб келмоқда.
Соғломлаштириш туризмига бўлган талабнинг ортиб бораётгани эса янги замонавий масканларга эҳтиёжни янада кучайтирмоқда.
Шундан келиб чиқиб, туманнинг Оромгоҳ маҳалласи, "Саломатлик" кўчасида жойлашган "Чортоқ" санаторийси негизида яна бир замонавий санаторий қурилишига старт берилди.
Лойиҳа "Kalajak Mega Stroy" МЧЖ томонидан амалга оширилиб, умумий қиймати 135 миллиард сўмни ташкил этади. Замонавий талаблар асосида барпо этиладиган 8 қаватли санаторий 200 ўринга мўлжалланган бўлиб, бир вақтнинг ўзида 500 нафаргача фуқарога кунлик даволаниш хизматини кўрсатиш қувватига эга бўлади.
Мазкур мажмуада илғор тиббий хизматлар, замонавий диагностика ва даволаш хоналари, шунингдек, дам олиш учун барча қулайликлар яратилиши режалаштирилган. Бу эса Чортоқ туманининг соғломлаштириш ва туризм салоҳиятини янада оширишга хизмат қилади.
Бугун ушбу лойиҳанинг қурилишига старт берилди.
Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов мазкур объектда бўлиб, бундай лойиҳалар ҳудуд иқтисодиётини ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш ва туризмни янада кенгайтиришда муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади.
Қурилиш олдидан жонлиқ сўйилиб, нуронийлар иштирокида хайрли ишлар бардавом бўлиши тилаб дуолар қилинди.
Чортоқ тумани ҳокимлиги
Aхборот хизмати









