Наманганда бизнес ва инвестиция муҳитини янада яхшилашга қаратилган очиқ мулоқот бўлиб ўтди.
2026-05-06 19:25:00 / Янгиликлар

Учрашув аввалида “Art Soft Holding” компаниясининг хитойлик ҳамкори — China San'an Construction Group Inc вакиллари билан музокаралар ўтказилди. Унда компаниянинг Поп туманидаги 20 гектар ер майдонида 15 МВт қувватли фотоэлектр станцияси қуриш ташаббуси муҳокама қилинди. Мазкур лойиҳа нафақат саноат корхоналарини барқарор энергия билан таъминлайди, балки “яшил иқтисодиёт” тамойилларини жорий этишга ҳам хизмат қилади.
Шундан сўнг, бўлиб ўтган очиқ мулоқот давомида 50 нафардан зиёд тадбиркор ўз муаммо ва таклифлари билан вилоят раҳбарига мурожаат қилди. Кадастр ва ер муносабатлари, суд-ҳуқуқ тизими, банк кредитлари, солиқ юки, янги иш ўринлари яратиш каби масалалар атрофлича муҳокама қилинди. Мурожаатларнинг аксарияти шу жойнинг ўзида ҳал этилди.
Тадбирда хорижий инвесторлар иштироки алоҳида эътибор марказида бўлди. Жанубий Кореянинг “Federation of Buyogun Rice Farmers” томонидан интенсив усулда гуруч етиштириш бўйича инвестиция лойиҳаси тақдим этилди. Қиймати 10 миллион долларга тенг ушбу ташаббус ҳудудда қишлоқ хўжалигини модернизация қилишга кўмаклашади.
Корхона директори Сонг Ин-Сунг томонидан божхона орқали замонавий техника ва ускуналарни олиб кириш масаласи кўтарилди. Вилоят ҳокими мутасадди идораларга мазкур мурожаатни тезкор ва самарали ҳал этиш бўйича топшириқлар берди.
Муҳокамалар якунида ижроси вақт талаб этадиган масалалар бўйича “йўл харитаси” ишлаб чиқилиши ва ижроси қатъий назоратга олиниши белгиланди.









