Тўрақўрғонда "Уйчи парранда"нинг 2-босқичи қурилиши жадал бормоқда.
2026-05-03 15:05:00 / Янгиликлар

Ҳозирда фабриканинг 4 та цехида йилига 40 минг бош зотдор товуқларни парваришлаш имконияти мавжуд. Муҳими, йилига 5 миллион дона тухум ишлаб чиқарилади ва маҳсулотни тўлалигича экспортга сотиш орқали 144 миллиард сўм даромад кўрилади.
Ҳадемай, бундай имконият янада кенгайиши кутилмоқда. Сабаби икки қаватли бино қурилиб, яна 4 та цехни ишга тушириш кўзда тутилган. Шунда 120 мингта товуқ парваришланиб, 15 миллион дона инкубацион тухум ишлаб чиқарилади. Табиийки, экспорт ҳажми ҳам ортади.
Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов лойиҳанинг 2-босқичи бўйича киришилган қурилиш ишларининг бориши билан танишди.
Комплекс атрофида ҳам адир ерлар текисланиб, боғзорлар яратиш ишлари олиб борилмоқда. Вилоят раҳбари жараённи тезлатиш бўйича мутасаддиларга тегишли топшириқлар берди.
Наманган вилояти ҳокимлиги
Ахборот хизмати









