Наманган вилояти ҳокими медиа соҳаси вакиллари билан учрашди: кун тартибида 65-халқаро "Гуллар фестивали".
2026-04-30 10:10:00 / Янгиликлар

Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов оммавий ахборот воситалари вакиллари,журналист ва блогерлар билан учрашиб, бу йилги фестивалнинг ўзига хос жиҳатлари ҳақида маълумот берди.
Очиқ мулоқот тарзида ўтган матбуот анжуманида жорий йилда 65-маротаба ташкил этиладиган Халқаро "Гуллар фестивали"га тайёргарлик ишлари, мавжуд масалалар ва таклифлар атрофлича муҳокама қилинди.
Тадбирда журналистлар фестивални юқори савияда ёритиш, ахборот тарқатишда замонавий ёндашувларни жорий этиш, хорижий сайёҳлар оқимини оширишга хизмат қилувчи PR-компанияларни кучайтириш юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди. Шунингдек, инфратузилмани яхшилаш, транспорт ва логистика, меҳмонлар учун қулай шарт-шароитлар яратиш каби масалалар ҳам кун тартибидан ўрин олди.
Вилоят раҳбари барча таклифлар эътибор билан ўрганилишини, фестивал нафақат гўзаллик байрами, балки ҳудуднинг инвестициявий ва туристик салоҳиятини намоён этувчи муҳим майдон эканини таъкидлади.
Учрашувда медиа вакиллари билан яқин ҳамкорликда иш олиб бориш, фестивални халқаро миқёсда кенг тарғиб қилиш устувор вазифа сифатида белгиланди.
Наманган вилояти ҳокимлиги
Ахборот хизмати









