Бизнес ва инвестиция муҳитини янада яхшилашга қаратилган навбатдаги муҳим мулоқот бўлиб ўтди.
2026-04-27 22:05:00 / Янгиликлар

Учрашувда вилоят ИИБ бошлиғи, полковник Шухрат Алиев ҳам иштирок этди. Очиқ мулоқот давомида 50 нафардан зиёд тадбиркор ўзларини қийнаётган масалалар ва таклифларини билдириш имконига эга бўлди.
Тадбиркорлар томонидан кадастр ва ер муносабатлари, суд-ҳуқуқ масалалари, банк кредитлари, солиқ юкини енгиллаштириш, янги иш ўринлари яратиш ҳамда ишлаб чиқаришни кенгайтиришга оид қатор долзарб масалалар кўтарилди. Айрим мурожаатлар шу жойнинг ўзида ҳал этилгани тадбиркорлар учун қулай имконият яратди.
Учрашувда хорижий инвесторлар иштироки алоҳида эътиборга молик бўлди. Жумладан, Хитой Халқ Республикасининг Shandong Hongsheng New Energy Technology Co., Ltd. компанияси вакили Guo Yugang томонидан вилоят ҳокимига Наманган вилоятида йирик инвестиция лойиҳасини амалга ошириш режаси борлиги маълум қилинди.
Унга кўра, қиймати 9 миллион доллар бўлган мазкур лойиҳа доирасида автотранспортлар учун аккумуляторлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилиши режалаштирилган.
Инвесторлар томонидан ушбу мақсадда “Наманган” эркин иқтисодий зонасидан 3 гектар ер майдони ажратиш масаласи кўтарилди. Вилоят ҳокими лойиҳани маъқуллаб, уни амалга ошириш учун зарур шарт-шароитларни яратиш бўйича тегишли топшириқлар берди. Таъкидланишича, лойиҳа тўлиқ ишга тушгач, камида 100 та янги иш ўрни яратилади.
Муҳокамалар жараёнида вақт талаб этадиган масалалар белгиланган муддатларда ҳал этиш учун мутасадди ташкилотларга юклатилди ва ижроси назоратга олинди.









