Тўрақўрғонда "Уйчи парранда"нинг 2-босқичи қурилиши бошланди.
2026-04-26 17:20:00 / Янгиликлар

Дастлабки босқичда Венгриядан келтирилган жўжалар 3 ой мобайнида парваришланиб, товуқ ҳолига келтирилди ва улардан инкубацион тухумлар олина бошланди.
Ҳозир фабриканинг 4 та цехида йилига 40 минг бош зотдор товуқларни парваришлаш имконияти мавжуд. Муҳими, йилига 5 миллион дона тухум ишлаб чиқарилади ва маҳсулотни тўлалигича экспортга сотиш орқали 144 миллиард сўм даромад кўрилади. Ҳадемай, бундай имконият янада кенгайиши кутилмоқда. Сабаби икки қаватли бино қурилиб, яна 4 та цехни ишга тушириш кўзда тутилган. Шунда 120 мингта товуқ парваришланиб, 15 миллион дона инкубацион тухум ишлаб чиқарилади. Табиийки, экспорт ҳажми ҳам ортади.
Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов лойиҳанинг 2-босқичи бўйича киришилган қурилиш ишларининг бориши билан танишди.
Жараённи тезлатиш бўйича мутасаддиларга тегишли топшириқлар берилди.
Наманган вилояти ҳокимлиги
Ахборот хизмати






