Наманганда Guinness рекордига старт берилди
2026-04-20 11:45:00 / Янгиликлар

Тантанали тадбирда вилоят раҳбарияти, нуронийлар, ёшлар, кенг жамоатчилик ва халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этдилар.
Наманган вилояти ҳокимининг ўринбосари Б. Нуритдинов ушбу ташаббус нафақат гул экиш, балки ҳудуднинг экологик барқарорлиги ва туризм салоҳиятини янада оширишга хизмат қилишини таъкидлади.
Шунингдек, халқаро жараёнларни шаффоф ва адолатли баҳолаш мақсадида Guinness World Records ташкилотининг Бирлашган Араб Амирликлари, Дубай шаҳридаги ваколатхонаси вакили Мисс Канзи Дефрави онлайн тарзда иштирок этди. У ўз мурожаатида Наманганда амалга оширилаётган ишлар халқаро стандартларга мос равишда кузатиб борилаётганини қайд этди.
Тадбир давомида жамоатчилик вакиллари номидан вилоят “Нуроний” жамғармаси раиси, сенатор И. Нажмиддинов сўзга чиқиб, ушбу лойиҳа халқ бирдамлиги ва бунёдкорлик салоҳиятининг ёрқин намунаси эканини алоҳида таъкидлади.
Маълум қилинишича, сўнгги йилларда Наманганда гулчилик маданияти янги босқичга кўтарилган. Агар 2018 йилда 4,5 миллион туп гул экилган бўлса, бугунги кунда 120 турдаги 150 миллиондан ортиқ гул кўчатларини экиш режалаштирилмоқда. Бу кўрсаткичлар ҳудуднинг нафақат эстетик қиёфасини, балки инвестицион ва туристик жозибадорлигини ҳам оширмоқда.
Жорий йилда 65-Халқаро "Гуллар фестивали" 24 майдан 12 июлга қадар ўтказилиши режалаштирилган. Унинг доирасида 150 дан ортиқ маданий-маърифий тадбирлар, халқаро форумлар, кўргазмалар ва концерт дастурлари ташкил этилади.
Тантанали маросимнинг энг ҳаяжонли қисмида барча иштирокчилар биргаликда санаб, рекорд ўрнатиш жараёнига рамзий старт берилди.
Мазкур ташаббус нафақат рекорд ўрнатиш, балки Наманганнинг халқаро имижини янада мустаҳкамлаш, экологик муҳитни яхшилаш ва аҳоли ўртасида бунёдкорлик руҳини кучайтириш, энг асосийси, бу йил юбилей тарзда нишонланадиган 65-Халқаро "Гуллар фестивали" нуфузини янада оширишга хизмат қилади.
Наманган вилояти ҳокимлиги
Ахборот хизмати









