Чортоқ туманида кенг кўламли қурилиш ва бунёдкорлик ишлари изчил давом этмоқда.
2026-04-12 08:35:00 / Янгиликлар

Айни пайтда ҳудудда яшил майдонлар барпо этиш, саломатлик йўлаклари ташкил қилиш, замонавий ёритиш тизимларини ўрнатиш ҳамда аҳоли учун қулай дам олиш масканларини яратиш жараёни қизғин бормоқда.
Шунингдек, Фурқат номли маданият ва истироҳат боғида ҳам қурилиш ва бунёдкорлик ишлари жадал суръатларда давом эттирилмоқда. Мазкур ҳудудда аҳолининг мазмунли дам олишини таъминлаш, замонавий инфратузилмани шакллантиришга қаратилган ишлар амалга оширилмоқда.
Аҳолини уй-жой билан таъминлаш борасида ҳам кенг кўламли қурилиш ишлари амалга оширилмоқда.
Жумладан, турли ҳудудларда жами 250 хонадондан иборат кўп қаватли уйлар бунёд этилмоқда. Бу эса аҳоли фаровонлигини ошириш, ижтимоий барқарорликни таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
Шунингдек, тумандаги 5 та умумтаълим ҳамда мактабгача таълим ташкилотларида энергия тежамкор технологияларни жорий этиш доирасида мукаммал таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.
Туманда муҳим лойиҳалардан яна бири — муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан амалга оширилаётган "Янги Ўзбекистон қиёфасидаги маҳалла" дастури доирасида "Гулшан" маҳалласида ҳам кенг кўламли бунёдкорлик ишлари жадал суръатларда олиб борилмоқда.
Дастур асосида маҳалла инфратузилмасини яхшилаш, йўл, муҳандислик-коммуникация тармоқларини янгилаш, ижтимоий объектларни замон талаблари даражасига олиб чиқишга алоҳида эътибор қаратилган. Айни пайтда маҳалла биносида капитал таъмирлаш ишлари бошланган.
Бугун Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов Чортоқ туманида бўлиб, ушбу объектларда амалга оширилаётган қурилиш ва бунёдкорлик ишлари билан яқиндан танишди.
Вилоят ҳокими жойларда нуронийлар ва аҳоли вакиллари билан мулоқот қилиб, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар аввало инсон манфаатларини таъминлашга қаратилганини таъкидлади.
Ташриф давомида янги кўп қаватли уйлар қурилишига тамал тоши қўйилди.
Масъулларга қурилиш ишларини сифатли ва белгиланган муддатларда якунлаш бўйича тегишли кўрсатмалар берилди.
Чортоқ тумани ҳокимлиги
Ахборот хизмати








