Наманган шаҳрида аҳоли учун муносиб шароит яратишга қаратилган навбатдаги йирик реновация лойиҳаси юзасидан тақдимот ўтказилди.
2026-04-03 20:55:00 / Янгиликлар

Бугун Наманган вилояти ҳокимлиги мажлислар залида вилоят ҳокими Шавкатжон Абдураззоқовга лойиҳа бўйича тақдимот ўтказилди.
Унда мазкур реновация лойиҳасининг мазмун-моҳияти, амалга ошириш механизмлари ҳамда аҳоли манфаатларини таъминлаш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Тақдимот давомида ҳудуддаги эскирган уй-жойлар ўрнида замонавий кўп қаватли турар жойлар, ижтимоий объектлар ва муҳандислик инфратузилмасини барпо этиш режалари баён этилди. Шунингдек, йўл-транспорт тизимини такомиллаштириш, яшил ҳудудларни кенгайтириш каби устувор вазифаларга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Йиғилишда мутасаддилар томонидан лойиҳани амалга оширишда очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, аҳоли билан доимий мулоқот ўрнатиш, ҳар бир қарорда фуқаролар манфаатларини устувор қўйиш зарурлиги таъкидланди.
Вилоят ҳокими бу юзасидан мутасадди ташкилотлар раҳбарларига аниқ топшириқлар берди.
Ушбу лойиҳа нафақат шаҳар архитектурасини янгилаш, балки ҳудуднинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш, янги иш ўринлари яратиш орқали иқтисодий фаолликни кучайтиришга хизмат қилади.









