Чигит экиш мавсумини тез ва сифатли ташкил этишга бағишланган вилоят семинари бўлиб ўтди.
2026-03-22 16:40:00 / Янгиликлар

Унда Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов бошчилигида жамоатчилик вакиллари, соҳа фахрийлари, туманлар ҳокимлари, қишлоқ хўжалигига даҳлдор ташкилотлар раҳбар ва мутахассислари иштирок этдилар.
Жорий мавсумда вилоят бўйича 48800 гектар майдонга чигит экилиб, ҳар гектаридан ўртача 52,2 центнердан, жами 254500 тонна пахта хомашёси етиштириш мақсад қилинган.
Семинарда чигит экиладиган майдонларни экишга тайёрлаш, экиш ишларини тез ва сифатли ташкил этиш бўйича амалий ишлар кўрилди. Мутахассислар томонидан, айниқса, плеёнка остига, қўшқатор усулда уруғ қадаб, томчилатиб суғориш тармоғини ҳам тортиб боришнинг тартиб-таомиллари, афзалликлари атрофлича тушунтириб берилди.
Вилоят раҳбари мавсумга ерни тайёрлашдан тортиб, ўз вақтида чигит экиш, уруғ сифати, ундириб олинган ниҳолларга ишлов бериш, ўсимликларни касалликларга қарши дорилаш, бунда замонавий техника ва технологиялардан самарали фойдаланиш масалаларигача эътибор қаратди.
Шу ерда жонлиқ сўйилиб, чигит экиш мавсумига «оқ фотиҳа» берилди. Нуронийлар томонидан юртимизга барқарор тинчлик-осудалик, деҳқончиликларга барака тилаб, дуолар қилинди.
Наманган вилояти ҳокимлиги
Ахборот хизмати









