Наманган вилояти ҳокими ва вилоят прокурори маҳаллий ҳамда хорижий инвесторлар билан навбатдаги учрашувини ўтказди.
2026-03-04 17:25:00 / Янгиликлар

Учрашув давомида тадбиркорлар томонидан кадастр ва суд-ҳуқуқ, ер муносабатлари, банк кредитлари, солиқ масалаларига оид, шунингдек, янги иш ўринлари яратиш, мавжуд ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва бошқа қатор муаммо ҳамда таклифлар илгари сурилди.
Масалан, Янги Наманган тумани "Мингчинор" маҳалласида жойлашган “Миробид” текстил корхонаси бош ҳисобчиси Отабек Абдуллаев солиқ, кадастр масаласи билан боғлиқ муаммо бўйича мурожаат қилди:
-Биз тадбиркорлигимизни кенгайтириш ва қўшимча иш ўринлари яратиш мақсадида ер майдони сотиб олган эдик. Бироқ, Кадастр агентлигининг хатоси туфайли яна ярим гектар ер бизнинг МЧЖ номига ўтиб қолган.
Мазкур хатолик натижасида бир йил давомида муаммо сақланиб қолди, қайта-қайта ариза берганимиздан сўнг 2025 йил, август ойида Кадастр агентлиги томонидан ҳужжатларимиз тўғриланиб, қўлимизга топширилди.
Ҳозирги кунда эса солиқ органлари томонидан муаммо юзага келмоқда. Уларнинг маълумотлар базасида ер майдони ортиқча қўшилиб қолгани сабабли, қонуний асосларсиз равишда, амалда фойдаланилмаётган ер ҳисобидан 3 баробар катта миқдорда солиқ ҳисоблаб чиқарилмоқда.
Ушбу ҳолат юзасидан вилоят ҳокимига мурожаат қилдик. Масала кўриб чиқилиб, тегишли ташкилотларга аниқ топшириқлар берилди. Бундай эътибор учун раҳмат,-дейди у.
Муҳокамалар жараёнида мурожаатларнинг аксар қисми шу жойнинг ўзида ҳал этилди. Вақт талаб этадиган масалалар эса белгиланган муддатларда ижросини таъминлаш учун мутасадди ташкилотлар назоратига олинди.
Таъкидлаш жоизки, бундай очиқ мулоқотлар вилоятда бизнес ва инвестиция муҳитини янада яхшилаш, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, давлат органлари билан ишбилармонлар ўртасида ишончли ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Наманган вилояти ҳокимлиги
Ахборот хизмати









