Косонсойда фармацевтика саноати жадал ривожланмоқда
2026-03-04 14:15:00 / Янгиликлар

Бугун Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов Косонсой туманидаги ушбу эркин иқтисодий зонада бўлиб, соҳада амалга оширилаётган инвестиция лойиҳалари билан танишди.
Дастлаб ҳудуддаги йирик лойиҳалардан бири — SPRING PHARMACEUTIC МЧЖ корхонаси фаолияти кўздан кечирилди. Бу ерда Англиянинг MEDIKAL KAPITAL LTD компанияси билан ҳамкорликда “Тайёр дори воситаларини ишлаб чиқариш” лойиҳасини амалга оширмоқда. Лойиҳанинг биринчи босқичига 5 миллион доллар, иккинчи босқичига эса 3 миллион доллар инвестиция йўналтирилган. Корхонада 100 та янги иш ўрни яратилган. Ҳозирда Хитойдан замонавий дастгоҳлар олиб келиниб, қўшимча қурилиш ишлари амалга оширилмоқда.
Шундан сўнг вилоят ҳокими “Саломатлик диёр келажак сари” МЧЖ томонидан амалга оширилаётган лойиҳа билан танишди. Қиймати 10 миллион АҚШ долларига тенг, 2 гектар майдонда барпо этилган мазкур корхона фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган бўлиб, ҳозирги кунда лойиҳанинг биринчи босқичи ишга туширилган ва 40 нафардан ортиқ аҳоли бандлиги таъминланган.
Лойиҳанинг иккинчи босқичида Россия давлати билан ҳамкорликда қиймати 3 миллион АҚШ доллари бўлган янги инвестиция лойиҳасини амалга ошириш ишлари давом этмоқда.
Шунингдек, вилоят раҳбари ҳудуддаги BEST FABRICS TEX МЧЖ томонидан амалга оширилаётган “Гигиеник воситалар, тиббиётда ишлатиладиган ип ва матолар ҳамда доривор ўсимликларни қуритиш ва қадоқлаш” лойиҳаси билан ҳам танишди. Қиймати 1,2 миллион АҚШ доллари бўлган ушбу корхона 1 гектар майдонда жойлашган бўлиб, айни пайтда қурилиш ишлари давом этмоқда.
Ўрганишлар давомида, шунингдек, AHSIKENT SOF SANOAT МЧЖ томонидан умумий қиймати 25 млрд сўм маблағ эвазига амалга оширилаётган “Тиббиёт қўлқоплари ва тиббиёт воситалари ишлаб чиқариш” лойиҳаси ҳам кўздан кечирилди. Ҳозирги кунда мазкур корхонада 70 нафардан ортиқ доимий иш ўринлари яратилган.
Вилоят ҳокими корхоналар фаолиятини янада кенгайтириш, якунланмаган лойиҳаларни тезлаштириш, янги иш ўринлари яратиш ва экспорт салоҳиятини ошириш бўйича масъулларга тегишли кўрсатмалар берди.
Косонсой тумани ҳокимлиги
Ахборот хизмати









