Наманган вилояти ҳокими маҳаллий ва хорижий инвесторлар билан навбатдаги учрашувини ўтказди
2026-02-25 14:35:00 / Янгиликлар

Учрашув давомида тадбиркорлар томонидан кадастр ва суд-ҳуқуқ масалалари, ер муносабатлари, банк кредитлари, солиқ, янги иш ўринлари яратиш, мавжуд ишлаб чиқаришни кенгайтириш, шунингдек бошқа қатор муаммо ва таклифлар илгари сурилди.
Масалан, Чортоқ тумани "Боғишамол" маҳалласида истиқомат қилувчи тадбиркор Тоҳир Турғунбоев паррандачилик лойиҳаси бўйича мурожаат қилди:
-60 сотих ер майдонида паррандачилик хўжалиги ташкил этиш учун қурилиш ишларини бошлашга рухсат ололмаётган эдим. Учрашувда мен дуч келаётган муаммони очиқ айтдим ва унга ижобий ечим топилди. Бунинг учун вилоятимиз ҳокимига, ҳуқуқни мухофаза этувчи идоралар раҳбарларига раҳмат! Келгусида 160 минг бош парранда боқиб, 14 та янги иш ўрни яратишни режалаштирганмиз.
Муҳокамалар жараёнида мурожаатларнинг аксар қисми шу жойнинг ўзида ҳал этилди. Вақт талаб этадиган масалалар эса белгиланган муддатларда ижросини таъминлаш учун мутасадди ташкилотлар назоратига олинди.
Таъкидлаш жоизки, бундай очиқ мулоқотлар вилоятда бизнес ва инвестиция муҳитини янада яхшилаш, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, давлат органлари билан ишбилармонлар ўртасида ишончли ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Наманган вилояти ҳокимлиги
Ахборот хизмати









