Таълим-тарбияда Япония тажрибаси Наманганда синовдан ўтказилмоқда.
2026-02-17 18:35:00 / Янгиликлар

Мазкур лойиҳа доирасида вилоят бўйича 17 та умумтаълим мактаби ҳамда 18 та мактабгача таълим ташкилоти танлаб олиниб, уларда Япон таълим тизимининг самарали йўналишлари жорий этилмоқда.
Эътиборлиси, бу жараёнга соҳада катта тажрибага эга япониялик мутахассис - Гото Микако хоним жалб этилди.
Гото Микако Токио шаҳрида туғилган. Meisei universitetiнинг Гуманитар фанлар факультети Педагогика йўналишини тамомлаган. Шу билан бирга, бошланғич мактаб ва боғча ўқитувчиси ҳуқуқини берувчи давлат лицензияларини олган. Амалий таълим, ролли ўйинлар, фанлараро интеграция ва мактаб бошқаруви соҳаларида тажрибага эга. Япония таълим тизимининг замонавий методикаларини амалиётга жорий этиш бўйича мутахассис.
Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов Гото Микакони қабул қилди.
Ўзаро мулоқотда Наманган мактабларида “Япония тажрибаси”ни кенг жорий этишдан кўзланган мақсад ва моҳият, кутилаётган натижа ҳақида фикр-мулоҳаза алмашилди. Таъкидландики, ўқувчиларда мустақил фикрлаш, юқори интизом, жамоада ишлаш маданияти, меҳнатсеварлик ва масъулият ҳиссини шакллантириш баробарида одоб-аҳлоқ фазилатларини кучайтириш лозим. Бу борада Ўзбекистон ва Япония халқлари ўртасида муштараклик, ўхшаш жиҳатлар жуда кўп.
Гото Микако хоним Наманганда яратиб берилаётган шароит ва имкониятлар учун миннатдорлик билдириб, ҳамкорликда яхши натижаларга эришиш учун астойдил интилишини таъкидлади.
Ушбу ташаббус ўқувчиларда интизом, масъулият ва ижтимоий фаоллик каби муҳим ҳаётий кўникмаларни шакллантиришга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Наманган вилояти ҳокимлиги
Ахборот хизмати



