65-халқаро "Гуллар фестивали" маҳаллалардан бошланади.
2026-02-17 10:35:00 / Янгиликлар

Наманган туманининг гулчилик “драйвер”га айланган ҳудуди - "Наврўз" маҳалласида 52 фоиз хонадон гулчиликка ихтисослашган бўлиб, ҳар бирининг йиллик даромади ўртача 120-130 миллион сўмни ташкил этади.
Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов бугунги ўрганишларини ушбу маҳалладан бошлади.
Бундан уч йил аввал истиқболли навларни кўпайтириш, хориждан келтирилган кўчатларни маҳаллийлаштириш орқали янги навлар яратишга йўналтириш мақсадида тадбиркор Ойбек Нуриддинов томонидан 70 сотих ер майдонида 6,8 миллиард сўм маблағ ҳисобига барпо қилинган “Ҳусанбой фирдавс гуллари кластери”да гул дўкони ва аҳолига маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари фаолият юритмоқда.
Муҳими, гулчилик кластерининг ўзида 20 киши, кооперация асосида эса 300дан зиёд кишининг бандлиги таъминланмоқда.
Вилоят ҳокими аҳоли вакиллари, гулчилик кластери аъзолари, тадбиркор гулчилар ва маҳалла "еттилиги" билан учрашиб, соҳада олиб борилаётган ишлар, бу йилги режалар ҳақида суҳбатлашди.
Мулоқотда 65- халқаро "Гуллар фестивали"га ҳозирдан пухта тайёргарлик кўриш масаласи муҳокама қилиниб, масъулларга тегишли топшириқлар берилди.
Наманган вилояти ҳокимлиги
Ахборот хизмати









