Автофестивалнинг қайноқ нуқтаси: энг яхшилар тақдирланди
2026-02-14 23:30:00 / Янгиликлар
Халқаро миқёсда ташкил этилган ушбу фестивал иштирокчи ва меҳмонларда унутилмас таассуротлар қолдирди. Тадбир доирасида ноёб автомобиллар паради, ретро ҳамда тюнинг автомобиллар кўргазмаси, эҳтиёт қисмлар ярмаркаси, қимматбаҳо спорт автомобиллари намойиши, шунингдек, турли танлов ва мусобақалар ўтказилди.
Кечки пайт бўлиб ўтган тантанали ёпилиш маросимида фестивал давомида фаол иштирок этганлар, шунингдек, турли йўналишлар бўйича ғолиб ва совриндорлар муносиб равишда рағбатлантирилди. Хусусан, “Энг яхши ретро автомобил”, “Энг яхши ички ва ташқи тюнинг”, “Энг яхши овоз тюнинги”, “Энг яхши автомобил двигатели” каби номинациялар бўйича ғолиблар аниқланиб, тақдирланди.
Мукофотларни Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов ҳамда ҳуқуқ-тартибот органлари раҳбарлари тантанали равишда топширдилар.
Фестивалнинг ёпилиш маросими эл орасида машҳур санъаткорлар иштирокидаги концерт дастури билан янада файзли ўтди. Жумладан, Достон Эргашев ижросидаги қўшиқлар тадбирга байрамона руҳ бағишлади.
2-халқаро "Наманган авто фестивали" ана шундай кўтаринки руҳда якунланди.
Наманган вилояти ҳокимлиги
Ахборот хизмати
