“Ахсикент музейи” халқаро тажрибалар асосида барпо этилади.
2026-02-12 18:55:00 / Янгиликлар

Outdoor Factory компаниясининг бизнесни ривожлантириш бўйича директори Hüseyin Avni Güçlü (Ҳусайн Авни Гучлу) Наманган вилоятида муҳим лойиҳалардан бири – “Ахсикент музейи” қурилишини амалга ошириш ва безатиш таклифи билан келди.
Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов хорижий меҳмонни қабул қилиб, таклифлари билан танишди.
Ўзаро мулоқотда Наманганда туризмни ривожлантириш борасида олиб борилаётган лойиҳалар ва имкониятлар хусусида фикр алмашилди. Шунингдек, Ахсикент ёдгорлиги ҳудудида халқаро тажрибалар асосида замонавий музей ташкил этиш масаласи муҳокама қилинди.
- Компаниямиз шу вақтга қадар Ўзбекистонда бир қатор йирик лойиҳаларни, жумладан, Самарқанддаги Имом Бухорий музейини, Тошкентдаги “Истиқлол” монументини, Ўзбекистон тарихи давлат музейини, Ислом цивилизацияси марказидаги Исломдан аввалги даврга бағишланган зални, Зомин ва Жиззахдаги музей лойиҳаларини муваффақиятли ҳаётга татбиқ этди. Ҳозирги кунда эса Амир Темур музейида амалий ишларни бошлаш арафасидамиз. Ушбу бой тажрибамизга таянган ҳолда, аввалроқ устида ишлаган Ахсикент музейи консепт-лойиҳасини тақдим этмоқдамиз, - деди Hüseyin Avni Güçlü.
Вилоят ҳокими лойиҳа таклифи билан танишиб, уни янада бойитиш ва такомиллаштириш бўйича тавсиялар берди. Шунингдек, музей қурилишини жорий йил май-июнь ойларида Наманганда ўтадиган 65-халқаро “Гуллар фестивали”га уйғунлаштирган ҳолда тезлаштириш юзасидан келишиб олинди.
Наманган вилояти ҳокимлиги
Ахборот хизмати





