Вилоят ижтимоий-иқтисодий ҳаётига оид устувор вазифалар, маҳаллаларда жиноятчиликни олдини олиш ва унга қарши курашиш масалалари муҳокама қилинди.
2026-02-10 07:30:00 / Янгиликлар

Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов бошқарган селектор тарзидаги йиғилишда дастлаб аввалги топшириқлар ижроси таҳлил қилинди. Шунингдек, жорий ҳафтада амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар белгилаб олинди.
Хусусан, вилоят раҳбари аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш жараёнини тезлатиш, Ангрен-Тўрақўрғон йўл бўйи Мастер-режаси ижроси, яширин иқтисодиётга қарши курашиш, “Янги Наманган” маҳалласидаги бунёдкорликларни белгиланган муддатда бажариш, қишлоқ хўжалигидаги долзарб юмушлар, таълим тизимида синов тариқасида олиб борилаётган “Япония тажрибаси”ни бошланғич синфларга кенг жорий этиш, 2-халқаро “Наманган авто фестивали”га тайёргарлик жараёнига алоҳида эътибор қаратди. Фуқаролар мурожаатлари билан ишлашга барча раҳбарлар масъул эканлиги таъкидланди.
Йиғилишда маҳаллаларда жиноятчиликни олдини олиш соҳасидаги ҳолат алоҳида муҳокама қилинди. Бу масала бўйича вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи Шуҳрат Алиевнинг ахбороти тингланди.
Жорий йилнинг январь ойида жиноятлар содир этилишига йўл қўйган 40 та маҳаллалар, шунингдек, оғир ва ўта оғир турдаги жиноятлар содир этилган маҳалла фуқаролар йиғинлари раиси ҳамда профилактика инспекторларининг фаолияти танқидий кўриб чиқилди.
Вилоят ҳокими маҳалла “еттилиги”, фаоллари иштирокида олдини олиш мумкин бўлган жиноятлар содир этилишига йўл қўймаслик, бунда профилактика ишлари ва жамоатчилик ҳамкорлигини кучайтириш лозимлигига тўхталиб, мутасаддилардан масъулият талаб қилди.
Наманган вилояти ҳокимлиги
Ахборот хизмати









