Наманганда бозорларни тартибга солиш ва яширин иқтисодиётни қисқартириш масалалари муҳокама қилинди
2026-02-10 07:05:00 / Янгиликлар

Йиғилишда ҳурматли Президентимиз ташаббуслари асосида мамлакатимизда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, иқтисодиётни жадал ривожлантириш ва аҳоли даромадларини оширишга қаратилган ислоҳотлар ижроси, хусусан, ҳудудлардаги бозорлар фаолиятини белгиланган талаблар асосида ташкил этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Таъкидланганидек, бозорлар иқтисодиёт барқарорлигини таъминлаш, аҳоли бандлиги ва даромадларини оширишда муҳим ўрин тутади. Бироқ, айрим бозорларда санитария-гигиеник ҳолат, ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя этилмаётгани, нарх-наво устидан назоратнинг сустлиги, шунингдек, яширин иқтисодиёт кўламининг кенгайиб бораётгани каби муаммолар мавжудлиги қайд этилди.
Йиғилиш давомида Наманган шаҳар, Давлатобод ва Янги Наманган туманларидаги бозорларда солиқ базасини кенгайтириш, яширин иқтисодиётни қисқартириш, бозор фаолиятини тартибга солиш, рақамлаштириш жараёнларини жадаллаштириш, ёнғин хавфсизлиги ва санитария-гигиеник ҳолатни таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳамда мавжуд камчиликлар юзасидан масъул раҳбарларнинг ҳисоботлари тингланди.
Муҳокамалар якунида вилоят ҳокими томонидан камчиликларни бартараф этиш, бозорларда шаффофликни таъминлаш, рақамлаштириш ишларини тезлатиш, соғлом рақобат муҳитини шакллантириш ҳамда назорат тадбирларини кучайтириш бўйича тегишли топшириқлар берилди.
Наманган вилояти ҳокимлиги
Ахборот хизмати









