Наманган гулчилари 65-халқаро “Гуллар фестивали”га қизғин тайёргарлик кўришмоқда.
2026-02-04 11:20:00 / Янгиликлар

Бугун Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов Давлатобод туманида жойлашган «Гулчилик плантацияси»да фаолият юритаётган тадбиркор - гулчилар билан учрашди. Мулоқотда гулчилик соҳасидаги мавжуд муаммолар, ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш ҳамда янги ва ноёб гул навларини жорий этиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Шунингдек, 65-халқаро “Гуллар фестивали”ни юқори савияда ташкил этиш, унинг мазмун-моҳиятини янада бойитиш ва меҳмонлар учун жозибадор муҳит яратиш бўйича тегишли ташкилот ва идораларга аниқ вазифа ҳамда топшириқлар берилди.
Маълумот ўрнида таъкидлаш жоизки, Наманган гуллари нафақат ички бозорда, балки қўшни вилоятларда ҳам катта талабга эга. Бу эса ҳудуд иқтисодиётини ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш ва туризм салоҳиятини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Учрашув якунида Наманган шаҳар ва Давлатобод тумани ҳокимларига тадбиркорлар томонидан етиштирилаётган гулларни қўшни давлатларга экспорт қилишда учраётган муаммоларни бартараф этиш, бу борада тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликни кучайтириш бўйича кўрсатмалар берилди.









