Наманган шаҳридаги вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.
2026-02-01 17:05:00 / Янгиликлар

Маълумки, капитал таъмирлаш жараёнида иқтисодий жиҳатдан мақсадга мувофиқ эмас, деб топилган эски биноларни бузиш ва улар ўрнида барча замонавий талабларга жавоб берадиган, юқори технологияли тиббий хизматларни кўрсатиш имконини берувчи 9 қаватли янги бинo барпо этиш ишлари олиб борилмоқда.
Янги қурилаётган бинода 200 қатновли поликлиника, қабулхона ва диагностика бўлими, жарроҳлик, урология, гастроэнтерология, гинекология, кардиожарроҳлик, гистология, патанатомия, йирингли жарроҳлик, трансплантология бўлимларини жойлаштириш режалаштирилган.
Вилоят ҳокими қурилиш ишларини жадаллаштириш, ишчи гуруҳ томонидан аниқланган камчиликларни ўз вақтида бартараф этиш ҳамда қурилиш-таъмирлаш ишларини сифатли ва белгиланган муддатларда якунлаш бўйича масъулларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берди.
Шундан сўнг, “Оби ҳаёт” маҳалласи Ҳамроҳ кўчасида барпо этилаётган кўп қаватли турар жойлар қурилиши жараёнлари ўрганилди. Хусусан, “Сантех полимер” МЧЖ томонидан савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчаларини ўз ичига олган ҳолда барпо этилаётган турар жой мажмуасида бўлиб, қурилиш жараёнлари, амалга оширилаётган ишлар сифати ҳамда уларнинг белгиланган лойиҳа, режа ва талабларга мувофиқлиги кўздан кечирилди.
Наманган вилояти ҳокимлиги
Ахборот хизмати




