Қишлоқ хўжалигидаги долзарб тадбирлар ижроси, фермерлар масъулияти муҳокама қилинди
2026-01-15 14:05:00 / Янгиликлар

Вилоятда 2026 йил ғалла ҳосили учун 64 410 гектар майдонга бошоқли дон экилиб, парвариш қилинмоқда. Ҳар гектаридан ўртача 85,1 центнердан ҳосил олиб, 548 минг 390 тонна бошоқли дон етиштириш белгиланган.
Дастлаб ғалла парваришининг бориши муҳокама қилинди. Бу бўйича мутахассислардан иборат ишчи гуруҳлари томонидан ҳудудларда ўтказилган ўрганишлар давомида аниқланган камчиликлар бир-бир кўрсатиб ўтилиб, бартараф этиш чоралари ҳақида гап борди. Жумладан, “чилла суви” бериш, маҳаллий ҳамда минерал ўғитлар билан озиқлантириш, ўсимликлар карантини хизмати фаолиятини кучайтириш лозимлиги таъкидланди.
Шунингдек, вилоятда 2026 йил пахта ҳосили учун 48800 гектар майдонларга қўшқатор усулда чигит экиб, ўртача 52,2 центнердан ҳосил олиш мақсад қилинган.
Вилоят ҳокими ушбу кўзланган режага эришиш, юқори ҳосил етиштириш учун соҳада инновацион агротехнологияларни жорий этиш зарурлигини алоҳида таъкидлади.
Бунинг учун амалга оширилиши керак бўлган тадбирлар, хусусан, ер ва техникаларни мавсумга сифатли тайёрлаш, сув тежовчи технологияларни кенг жорий этиш, бир сўз билан айтганда, ҳосилдорликни ошириш учун барча манбааларни ишга солиш кераклиги қайд этилди.
Кун тартибидаги масалалар юзасидан соҳанинг фахрий оқсоқоллари, мутахассисларининг тавсиялари, фикр-мулоҳазалари тингланди.
Вилоят раҳбари туманлар ҳокимлари, пахта-ғаллачилик йўналишидаги фермерлар билан мулоқот қилиб, уларнинг муаммоларини ўрганди.
Вилоят прокурори У.Мадраҳимов, ички ишлар бошқармаси бошлиғи Ш.Алиев соҳада қонунийликни таъминлаш масалалари ҳақида тўхталдилар.
Танқидий-тахлилий руҳда ўтган йиғилишда қишлоқ хўжалигида “уйғониш” зарурлиги айтилиб, агротехник тадбирларни ўз вақтида, сифатли ташкил этиш юзасидан мутасаддиларга топшириқ ҳамда кўрсатмалар берилди.
Наманган вилояти ҳокимлиги
Ахборот хизмати









