Намангандаги мактабларда Япония тажрибаси жорий этилмоқда
2026-01-11 17:45:00 / Янгиликлар

Бугунги кунда ёшлар орасида кўп учраётган интизом, масъулият, жамоавийликнинг сустлиги, телефонга ҳаддан ташқари боғланиш, бефарқлик ҳамда тарбиявий бўшлиқ каби муаммоларга ечим сифатида мазкур тажриба муҳим аҳамият касб этади. Айнан 7–9 ёш оралиғида бу каби кўникмалар шаклланиши инобатга олиниб, тартиб-қоидалар бошланғич синфлардан бошлаб жорий этилиши белгиланган.
Тажриба доирасида ҳар бир ўқувчи синф хонасига кирганда ўзига бириктирилган шкафга кийимларини жойлайди, овқатланишда фақат шахсий идишлардан фойдаланади ҳамда синф хонасининг тозалигига ўқувчиларнинг ўзи масъул бўлади. Бу орқали болаларда мустақиллик, тартиб-интизом ва жамоага масъулият ҳисси шакллантирилади.
Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов мазкур йўналишда Наманган шаҳридаги 27-сонли умумтаълим мактабида амалга оширилаётган ишлар билан танишди. Ушбу мактабда “Япония тажрибаси” асосида 10 та синф фаолият олиб бормоқда. Тажрибани самарали йўлга қўйиш мақсадида япониялик мутахассислар ҳам жараёнга жалб этилган.
Вилоят раҳбари бу масалага юзаки қаралмаслиги лозимлигини таъкидлар экан, Абдулла Авлоний таъбири билан айтганда, “Тарбия биз учун ё ҳаёт – ё мамот, ё нажот – ё ҳалокат, ё саодат – ё фалокат масаласидир”, деган фикрни алоҳида қайд этди. Ушбу тажриба асосида нафақат ўқувчиларнинг тарбияси, балки мактаб муҳитининг яхшиланиши, бунинг натижасида болаларнинг илмга бўлган қизиқиши ва интилиши ортиши таъкидланди.
Мавжуд камчиликларни бартараф этиш юзасидан масъул раҳбарларга тегишли кўрсатма ва топшириқлар берилди.









