“NANO PHARMACEUTICAL” фармацевтика корхонасининг биринчи босқичи ишга туширилди
2025-12-30 11:50:00 / Янгиликлар

Тадбирда Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов иштирок этиб, йиғилганларни кириб келаётган 2026 йил билан табриклади ҳамда аҳоли саломатлигини таъминлаш, соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш давлат сиёсатида устувор йўналиш эканини таъкидлади.
Қайд этилишича, бугунги кунда Наманган вилоятида 811 та тиббиёт муассасаси фаолият юритиб, шундан 242 таси давлат, 569 таси хусусий сектор ҳиссасига тўғри келади. Бу соғлиқни сақлаш соҳасида давлат ва хусусий сектор ҳамкорлиги изчил йўлга қўйилганидан далолат беради.
Умумий қиймати 20 миллион доллар бўлган мазкур лойиҳа доирасида 10 миллион доллардан зиёд хорижий инвестиция ўзлаштирилиб, халқаро стандартларга жавоб берадиган замонавий фармацевтика корхонаси барпо этилди. Натижада 300 та янги иш ўрни яратилди.
Корхонада йилига 63 миллион дона, 40 турдаги, қиймати 12 миллион долларлик тайёр дори воситалари ишлаб чиқарилиши режалаштирилган бўлиб, шундан 6 миллион долларлик маҳсулот экспортга йўналтирилади.
Маросим якунида вилоят ҳокими корхона жамоаси ва қурувчиларга миннатдорчилик билдириб, янги корхонанинг келгуси фаолиятига омад тилади.
Наманган вилояти ҳокимлиги
Ахборот хизмати









