Вилоят марказида бунёдкорлик: кўп қаватли бинолар ва замонавий автотураргоҳлар қурилади
2025-12-23 21:10:00 / Янгиликлар

Дастлаб Уйчи кўчасида олиб борилаётган реновация жараёни ҳақида ахборот берилди.
Наманган шаҳрининг бош режасига асосан Уйчи кўчасини замонавий кўринишга келтириш ва кенгайтириш ишлари давом этмоқда. 2-босқичда кўчанинг 1,2 км узунликдаги қисмида 16 та кўп қаватли турар-жой ҳамда 2 та нотурар бино-иншоотлар қурилиши режалаштирилган. Лойиҳа доирасида шаҳар кўркини бузиб турган жами 66 та эски иморатлар, шу жумладан 63 та турар-жой ва 3 та нотураржой ўрнида замонавий кўп қаватли бинолар барпо этилади.
Вилоят марказида яна бир муҳим янгилик – йирик савдо марказлари, бозорлар атрофида кўп қаватли автотураргоҳлар барпо этиш ҳам режалаштирилмоқда.
Хусусан, “Чорсу даҳаси” ҳамда “Сардоба” бозори ҳудудида қурилиши мақсад қилинган ана шундай лойиҳалар тақдимоти бўлиб ўтди.
Хабарингиз бор, Наманган шаҳридаги “Жаҳон бозори” ҳудудида қўп қаватли авто тураргоҳ яқин орада фойдаланишга топширилади. Жами 400 автомобил сиғимига эга бўлган ушбу бино қарийиб 1,5 гектар майдонни эгаллайдиган автомобилларни унча катта бўлмаган жойда сақлаш имконини беради.
Албатта, шаҳар марказий кўчаларидаги ва бозорлар олдидаги тирбандликлар олдини олишда бу каби лойиҳалар самарали ечим ҳисобланади.
Вилоят ҳокими "Бир миллионлик шаҳар" мақомини олган Наманган учун бу каби кўп қаватли тураржой ҳамда автотураргоҳлар катта аҳамиятга эга эканлигини таъкидлаб, лойиҳаларни такомиллаштириш юзасидан масъулларга тегишли топшириқлар берди.
Наманган вилояти ҳокимлиги
Ахборот хизмати








