Янгиқўрғон: янги лойиҳалар ижроси назоратда
2025-12-23 15:20:00 / Янгиликлар

Ўрганишлар 1-умумтаълим мактаб дастур доирасида олиб борилаётган таъмирлаш-бунёдкорлик ишларини кўздан кечиришдан бошланди.
Мазкур таълим масканида 13,3 млрд. сўм маблағ эвазига мавжуд бино таъмирланиб, қўшимча 600 ўринли бино қад ростламоқда.
Вилоят ҳокими синф хоналарини жиҳозлаш, болаларнинг билим олишга қизиқишини кучайтириш ва улар учун қулай муҳит яратиш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.
"Булоқбоши" маҳалласида фаолият юритаётган “Namangan sharbati” МЧЖ томонидан 1.6 гектар ер майдонида мевани қайта ишлаш лойиҳаси амалга оширилмоқда.
Қиймати 25,0 млн. долларни ташкил этаётган лойиҳа йилига 25,0 минг тонна маҳсулотни қайта ишлаш қувватига эга ва якунига етгач, 150 та янги иш ўринлари яратилади.
Яна бир тадбиркор - Рустам Омонов томонидан умумий қимати 8.0 млрд.сўм бўлган мева қуритиш корхонаси ишга туширилган. Йилига 4 минг тонна мевани қайта ишлаш қувватига эга мазкур корхонада 30 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланган.
Исроил Дарвонов раҳбарлик қилаётган “ZARKENT DUR TOSH KONLARI” МЧЖ томонидан “Маданият” маҳалласи ҳудудида қуввати 2 минг кВ.т бўлган қуёш панелларини ўрнатиш лойиҳаси амалга оширилмоқда. Умумий қиймати 8 миллиард сўмни ташкил этувчи ушбу лойиҳа доирасида 10 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланиши кўзда тутилган.
“Заркент қирмизи меваси” агрофирма ҳудудидаги "Чорвадор" фермер хўжалиги томонидан 584 бош зотли қўй парваришланмоқда. Монголиядан келтирилиб, туманнинг иқлим шароитига мослаштирилган ушбу қўйлар зоти гўшт ва жун етиштиришга мўлжалланган.
Вилоят раҳбари ушбу объектларда бўлиб, янги лойиҳалар ижросини ўрганди. Жараёнларни тезлатиш ва бундай лойиҳаларни янада кўпайтириш юзасидан топшириқлар берди.
Янгиқўрғон тумани ҳокимлиги
Ахборот хизмати









