Тирбандликсиз ва хавфсиз шаҳар сари: Наманганда яна 30 та замонавий автобус фойдаланишга топширилди
2025-12-23 13:45:00 / Янгиликлар

Президентимиз раҳбарлигида жамоат транспорти соҳасини такомиллаштиришга қаратилган топшириқлар ижроси доирасида Наманганга яна 30 та замонавий автобус етиб келди.
Бугун “Turon-95 MBI” МЧЖ томонидан олиб келинган, Хитой Халқ Республикасининг “ZHONGTONG BUS” компаниясида ишлаб чиқарилган ушбу автобуслар тақдимоти бўлиб ўтди.
Маросимда Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов, нуронийлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари қатнашдилар.
Иштирокчилар янги автобусларнинг техник имкониятлари, йўловчилар, айниқса, ногиронлиги бўлган шахслар учун яратилган қулайликлар билан яқиндан танишдилар.
Мазкур автобуслар яқин кунлар ичида энг муҳим йўналишларда ҳаракатни бошлайди ва Наманганда жамоат транспорти хизматини янги босқичга олиб чиқиб, аҳолига янада самарали, хавфсиз ва қулай хизмат кўрсатилишини таъминлайди.






