Касбий таълим: ёшларга ҳунар ва тил ўргатиш, шароит яратиш керак!
2025-12-20 21:40:00 / Янгиликлар

Хабарингиз бор, вилоят ҳокими бошчилигида “Касбий таълим кенгаши” ташкил этилиб, унга соҳага алоқадор раҳбарлар ҳамда вилоятимиздаги йирик тадбиркорлик субъектлари, иш берувчи ташкилот ва корхоналар раҳбарлари аъзо сифатида киритилган.
Селектор тарзида ўтган йиғилишда вилоятдаги мавжуд касбий таълим муассасалари, яъни техникумлар фаолияти ҳар томонлама таҳлил қилинди.
Хусусан, ўқувчилар учун яратилган шароитлардан тортиб, давоматгача, касб-ҳунарга ўқитиш, дуал таълимнинг қай даражада йўлга қўйилгани, меҳнат бозори учун талабгир чет тилларни ўқитиш учун хориждан малакали мутахассисларни жалб этишгача бўлган барча масалаларга эътибор қаратилди.
Соҳа мутасаддилари, техникумлар директорлари, туманлар ҳокимларининг ҳисоботлари тингланди. Танқидий кўриб чиқилган барча масалалар бўйича масъулларга тегишли топшириқлар берилди.
Вилоят ҳокими касбий таълимни ривожлантириш ва муаммоларни бартараф этиш бўйича техникумлар директорларининг фикр-мулоҳазаларини ҳам эшитди. Якунда соҳадаги устивор вазифалар белгилаб олинди.
Наманган вилояти ҳокимлиги
Ахборот хизмати









