Поп-Наманган йўлининг 75 километр қисмини қайта қуриш ишлари тезлашади
2025-12-20 18:15:00 / Янгиликлар

Ушбу лойиҳа Хитойнинг “CITIC Construction” компанияси томонидан “Молиялаштириш + лойиҳалаш + қуриш” тамойили асосида 4 тасмали цементобетон билан қопланади.
Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов “CITIC Construction Co., Ltd.” Европа ва МДҲ давлатлари департаменти катта директори Ван Чанхуа бошчилигидаги хитойлик инвесторларни қабул қилди.
Ўзаро мулоқотда лойиҳани тезлатиш юзасидан фикр-мулоҳазалар алмашилди.
Вилоят ҳокими инвесторларнинг муаммоларини тинглаб, уларни зудлик билан ҳал этиш бўйича мутасаддиларга тегишли топшириқлар берди.
Учрашувда лойиҳани тезроқ ҳаётга татбиқ этиш бўйича масалалар атрофлича кўриб чиқилиб, жараённи тезлатишга келишиб олинди.
Лойиҳадан кутилаётган самарадорлик анча юқори, яъни, юк кўтариш қобилияти 13 тонна бўлган Iб тоифали умумий фойдаланишдаги йўллар узунлиги улушини кўпайтириш, юк ва йўловчилар оқимининг асосий йўналишлари бўйича қувватлар захираларини 4 баробарга ошириш, бахтсиз ҳодисаларни камайтириш, вилоят туманлари аҳолиси ва тадбиркорлари томонидан Тошкент шаҳрига бориб-келишларига ҳамда туризмни ривожлантиришга янада қулайлик яратиш каби жуда кўплаб натижадорликдан иборат.
Наманган вилояти ҳокимлиги
Ахборот хизмати





