Янги йил байрами арафасида Норин туманида “Fishville Norin" гастрономик туризм маркази фаолият бошлади
2025-12-19 16:10:00 / Янгиликлар

Хабарингиз бор, шу йилнинг 15-16 сентябрь кунлари Президентимиз вилоятга ташрифлари доирасида мазкур объект фаолияти билан яқиндан танишган эдилар.
Лойиҳага ташаббускор томонидан умумий қиймати 15 млн. АҚШ доллари миқдорида маблағ жалб этилган. Корхонада йилига 2000 тонна балиқ маҳсулоти етиштирилиб, 10 млн. доллар экспорт захиралари яратилди.
Янги йил байрами арафасида оилавий ресторан ҳам битказилиб, лойиҳа тўлиқ ишга туширилди. Бу ерда бир вақтнинг ўзида 100 нафар меҳмонга хизмат кўрсатилади. Энг асосийси, умумий ҳисобда 100 та янги иш ўринлари яратилди.
Тантанали маросимда Давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, нуронийлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этдилар.
Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов йиғилганларни кириб келаётган Янги йил байрами билан табриклаб, балиқчилик драйверга айланган Норин тумани учун ушбу лойиҳанинг аҳамияти ҳақида тўхталди.
Рамзий лента қирқилиб, гастрономик туризмга ихтисослашган янги мажмуадаги шароитлар билан танишилди.
Нуронийлар дуога қўл очиб, фаолиятга оқ фотиҳа бердилар.
Наманган вилояти ҳокимлиги
Ахборот хизмати









