Наманган вилояти ҳокими Абдуразаков Шавкат Шокирджоновичнинг Конституция қабул қилинганлигининг 33 йиллигига бағишланган маросимдаги сўзи
2025-12-08 10:15:00 / Раҳбариятнинг баёнотлари ва нутқлари
Ассалому алайкум, қадрли юртдошлар!
Ҳурматли тантана иштирокчилари!
Бугун мамлакатимизда байрам шукуҳи – Бош қомусимизнинг 33 йиллиги кенг нишонланмоқда.
Фурсатдан фойдаланиб, Сиз, азизларни, кўпмиллатли бутун вилоятимиз аҳлини 8 декабрь – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кун билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.
Халқимизнинг хоҳиш-иродаси билан танлаб олинган ҳуқуқий-демократик давлат, эркин фуқаролик жамияти барпо этиш йўлида мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор бўлиб келаётган Асосий қонунимизнинг миллий тараққиётимиздаги ўрни ва аҳамияти беқиёсдир.
Ҳеч шубҳасиз, Асосий Қонунимиз Янги Ўзбекистонни барпо этишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотларимиз ортга қайтмаслигининг мустаҳкам ҳуқуқий кафолати бўлиб хизмат қилмоқда.
Муҳтарам Президентимиз раҳнамоликларида кейинги йилларда мамлакатимизда жадал амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида ижтимоий-сиёсий ҳаётимизнинг мазмуни, ватандошларимизнинг онгу тафаккури, дунёқараши тубдан ўзгараётгани ҳам айни ҳақиқат.
Юртимизда яшаётган ҳар бир фуқаро, миллати, тили ва динидан қатъи назар, жамиятимизнинг тенг ҳуқуқли аъзоси, ўз тақдирининг чинакам эгаси, мамлакатимиздаги барча ўзгариш ва янгиланишларга ўзини нафақат дахлдор, балки бу жараёнларнинг бевосита иштирокчиси, эркин ва бунёдкор инсон сифатида ҳис этмоқда.
Янги таҳрирдаги Конституциямизда Ўзбекистоннинг беш устуни, яъни суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат экани қатъий белгилаб қўйилди, унинг мазмуни тубдан такомиллаштирилиб, янги боб ва моддалар билан бойитилди.
Ҳурматли анжуман иштирокчилари !
Ҳурматли Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг «Ўз халқининг хоҳиш-иродаси, дили ва тилидаги эзгу ниятларига ҳамоҳанг Конституцияга эга бўлган мамлакат ўзи белгилаган юксак марралардан ҳеч қачон оғишмасдан доимо олдинга қараб боради» деган сўзлари бугун ҳар бир инсоннинг ҳаётий тамойилига айланган.
Айниқса, халқаро муносабатларда очиқ эшиклар сиёсати, минтақавий яқинлашув ва иқтисодий дипломатиянинг янги босқичга кўтарилгани барча соҳаларда улкан ўзгаришларга замин яратди.
Бу жараёнларда Наманган вилояти ҳам фаол иштирок этиб, ислоҳотлар самарасини ҳаётнинг барча жабҳаларида намоён этмоқда.
Биринчидан, жорий йил 11 ой якуни билан вилоятда саноат 109,1 фоизга, қурилиш 113,3 фоизга ва хизмат кўрсатиш 115,1 фоизга ўсиши таъминланди.
Йил якуни билан эса, ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 107,3 фоизга ўсиб, 80,7 трлн сўмга етиши кутилмоқда.
Иккинчидан, барчангизни хабарингиз бор, жорий йилнинг 17-18 сентябрь кунлари “Камбағалликдан фаровонлик сари” III халқаро форумини юксак савияда ўтказдик.
2025 йил 1 январь ҳолатига вилоятда камбағаллик даражаси 7,6 фоизга тушиб, 238 минг нафар камбағал аҳоли қолган эди.
Тасдиқланган режага кўра, камбағалликни 5,3 фоизга қисқартириш белгиланган бўлиб, халқаро форумдан сўнг камбағаллик даражасини 2,5 фоизга туширишни ўзимизга катта режа сифатида белгилаб олдик.
Бугунги кунгача амалга оширган ишларимиз натижасида камбағаллик даражаси 3,3 фоизни ташкил этмоқда. Ёки, йил бошидан буён камбағал аҳоли сони 168,4 минг нафарга камайди.
Бундан ташқари, аҳолини иш билан таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бунда, ишсиз, шу жумладан, камбағал аҳолини ишга жойлаштириш мақсадида қиймати 1,2 трлн сўмлик 30,9 мингта микролойиҳалар ишга туширилиб, 63,2 минг нафар аҳоли банд қилинди.
“Уйчи” тажрибаси асосида тадбиркорларга оид 4 736 та муаммо ва таклифларни ҳал этиш ҳисобига 69,8 мингта янги иш ўринлари яратилди.
Юқоридагилар ҳисобига, йил якунига қадар яна 24,7 минг та қўшимча иш ўринлари барпо қилиш орқали ишсизликни кескин қисқартириши кутилмоқда.
Шунингдек, Давлат Дастурлари доирасида барча манбалар ҳисобидан 3,2 трлн.сўмлик қурилиш ишларини бажарилиб, 1 379 та объект фойдаланишга топширилди.
“Уй-жой қуриш Дастури” доирасида 8 500 та хонадонли 170 та кўп қаватли уйлар қуриш белгиланиб, амалда 4 874 та хонадонли 116 та уйлар аҳолига тақдим этилди. Йил якунига қадар 3 626 та хонадонли 54 та уйлар фойдаланишга топширилади.
Ёки йўл соҳасини олиб кўрайлик: жорий йил режаси бўйича ҳозирга қадар 1 084 км автомобиль йўллари таъмирлдан чиқарилди. Бу режанинг 94 фоизи демакдир. Шундан 891,2 км ички йўлларни таъмирланди, 23 дона кўприкларда қайта қуриш-таъмирлаш ишлари бажарилди.
Яна бир муҳим масала, қиш мавсумини беталофат ўтказиш ҳисобланади. Шу мақсадда вилоятда туну-кун фаолият кўрсатадиган куз-қиш штабини ташкил этдик.
Штаб томонидан аҳолидан келиб тушадиган мурожаатларни тезкор равишда ҳал этиш чоралари кўрилмоқда.
учинчидан, жорий йилда қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳам қатор ютуқларга эришдик
Хусусан, Ғаллачиликда 66 минг 10 гектар майдондан ўртача 85,1 центнердан 561 минг 685 тонна дон етиштирилди.
Пахтачиликда ҳам 48 898 гектар майдоннинг ҳар гектаридан ўртача 45,8 центнердан жами 223,9 минг тонна пахта хом ашёси етиштирилиб, йиллик режа 104,6 фоизга уддаланди.
Хуллас, у каби рақамиларни ҳар бир соҳада келтириб ўтиш мумкин.
Азиз ва муҳтарам ватандошлар!
Биз яқинлашиб келаётган янги – 2026 йилда вилоятимизнинг янада ривожи учун янги мақсадларни кўзлаяпмиз.
Наманганни янада тараққий эттириш, 3 миллион 200 минг нафардан ошган наманганликларни бугунидан рози қилиш, камбағалликни кискартириш, янги уй-жойлар барпо этиш, иш ўринларини кўпайтириш бўйича катта-катта вазифалар ва дастурлар қабул қиламиз.
Ишончим комилки, барчамиз бир тану бир жон бўлиб, фидокорона меҳнат қилиб, ўз олдимизга қўйган юксак марраларга, албатта эришамиз.
Сўзимнинг якунида Сизларни яна бир бор Конституциямизнинг 33 йиллиги билан самимий табриклаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, оилавий бахт, хонадонларингизга файзу барака тилайман.
Халқимиз тинч, осмонимиз мусаффо, Юртбошимиз омон бўлсинлар!
Эътиборингиз учун раҳмат!
