Фармон ва ижро
2024-04-30 19:09:00 / Янгиликлар

Хабарингиз бор, муборак Рамазон ҳайити байрами муносабати билан жазо муддатини ўтаётган ҳамда қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига ўтган 426 нафар шахс давлатимиз раҳбарининг Фармонига кўра афв этилиб, жазодан озод этилди. Улар орасида 26 нафар наманганликлар ҳам бор.
Бугун Ўзбекистон касаба уюшмалари федерациясининг Наманган вилояти Кенгаши биносида афв туфайли жазони ижро этиш муассасаларидан оиласи бағрига қайтиб келган юртдошларимизнинг бир гуруҳи билан мулоқот ўтказилди.
Сектор раҳбарлари – вилоят ҳокими, прокурори, ички ишлар ҳамда солиқ бошқармалари бошлиқлари улар билан юзма-юз суҳбатлашдилар.
Ўйламай босган қадами орқали жиноят кўчасига кириб, тегишли жазосини олаётган ва бугун Президентимиз Фармонига асосан муддатидан аввал очиқликка чиққан бу инсонлар қилмишига чин кўнгилдан пушаймон эканлигини билдириб, давлатимизнинг кечиримлилик, инсонпарварлик сиёсати учун миннатдорлик билдирдилар. Берилган имкониятдан оқилона фойдаланиб, оиласи, маҳалласи, юрти учун сидқидилдан ишлаш мақсадида эканликларини айтдилар.
Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов уларнинг фикр-мулоҳазалари, хоҳиш-истаклари ва келгуси режаларини атрофлича ўрганди. Ижтимоий ҳаётга тезроқ мослашишлари учун иш билан таъминлаш, тадбиркорлик қилишга хоҳиши борларга кредит ва субсидиялар ажратиш юзасидан мутасадди идоралар раҳбарларига тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берди.
Суҳбат сўнггида афв этилганларга рўзғорда фойдаланиш учун маиший жиҳозлар берилди.
Наманган вилояти ҳокимлиги, прокуратура, ИИБ Ахборот хизматлари.









