Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов "Янги Наманган шаҳарчаси"да барпо этилаётган кўп қаватли турар жойлар қурилишини кўздан кечирди.
2025-11-30 19:50:00 / Янгиликлар

Ҳозирда “China House” масъулияти чекланган жамияти томонидан 30 млн. АҚШ доллари ҳажмидаги тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ҳисобидан 2 гектар майдонда жами 16 та кўп қаватли турар-жой биноси барпо этишга киришилди.
Дастлаб ушбу объектда қурилиш ишларининг бориши билан танишилди.
“Янги Наманган шаҳарчаси” лойиҳаси доирасида замонавий инфратузилмалар, кўп қаватли уй-жойлар, ижтимоий соҳа обектлари ҳамда йўл-транспорт тизимлари бунёд этилмоқда. Мактаб, боғча, поликлиника, савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари қурилиши ҳам лойиҳанинг ажралмас қисми сифатида кўзда тутилган.
Вилоят раҳбари 22 қаватли янги уйлар атрофида "Яшил макон" умуммиллий лойиҳаси доирасида манзарали кўчат экиш ишларида қатнашди.
Шундан сўнг, "Жаҳон қурилиш таъмирлаш" МЧЖ томонидан қурилиши режалаштирилган хусусий мактаб лойиҳаси билан танишди.
Вилоят ҳокими масъулларга қурилиш жараёнларини янада тезлаштириш, айниқса, сифат ва хавфсизлик масалаларига алоҳида эътибор қаратиш бўйича топшириқлар берди.
Наманган вилояти ҳокимлиги
Ахборот хизмати









