Наманган вилояти делегацияси Японияда: иқтисодиёт ва тиббиёт соҳасида муҳим келишувлар имзоланди
2025-11-27 14:25:00 / Янгиликлар

Японияга ташрифи доирасида вилоят тадбиркорлари ва мутахассислари қатор амалий учрашувлар ўтказиб, икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш бўйича қатор келишувларга эришилмоқда.
Хусусан, вилоятнинг етакчи тўқимачилик ишлаб чиқарувчи корхоналари — Ideal, Fazman, D.Maretti, Vizzano ҳамда Saodat Sanoat Servis компаниялари Япониянинг Konaka Co. Ltd йирик компанияси билан икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш масалалари бўйича музокаралар ўтказдилар.
Учрашувлар давомида Япон бозори учун мўлжалланган тайёр тўқимачилик маҳсулотларини етказиб бериш, сифатни ошириш бўйича Япон стандартларини жорий этиш, логистика ва маркетингда замонавий ёндашувларни татбиқ этиш ҳамда қўшма қиймат занжирини шакллантириш масалалари муҳокама қилинди.
“Nammotors” ва “Eco Basalt” корхоналари вакиллари ҳам энергия тежамкор ускуналар, замонавий қурилиш материаллари ва базальт технологиялари бўйича музокаралар олиб борди.
Натижада ҳозирга қадар умумий қиймати 50 миллион долларлик узоқ муддатли экспорт ва ҳамкорлик шартномалари имзоланди.
Делегация Tokushukai Medical Group президенти Хигаши Чиничи билан учрашиб, онкология, кардиохирургия ва юқори технологияли тиббий хизматларни ривожлантириш бўйича ҳамкорлик битими имзоланди.
Шунингдек, Riverfield Inc. компанияси президенти Котаро Тадано билан музокаралар якунида робот-ассистент хирургияси ва инновацион тиббий ускуналарни Наманган вилоятига жорий этиш бўйича келишувга эришилди.








