Наманганда “Буюк Ипак йўли” халқаро волейбол мусобақаси бўлиб ўтмоқда
2025-11-24 09:05:00 / Янгиликлар

Халқаро турнирнинг тантанали очилиш маросимида Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов иштирокчилар ва меҳмонларга табрик сўзини йўллаб, барча жамоаларга омад тилади. Шунингдек, маросимда вилоятдаги ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар раҳбарлари ҳам иштирок этди.
Мазкур нуфузли турнирда CAVA — Марказий Осиё волейбол ассоциациясига аъзо давлатларнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари ходимларидан ташкил топган кучли жамоалар куч синашмоқда. Хусусан, мамлакатимизнинг турли ҳудудлари ҳамда Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистондан ташриф буюрган 120 нафардан ортиқ маҳоратли спортчилар иштирок этмоқда.
Мазкур турнир Наманган учун ҳам, минтақа спорти учун ҳам катта тажриба ва юқори даражадаги халқаро майдон вазифасини ўтайди.
Халқаро мусобақа 28 ноябрга қадар давом этади.
Наманган вилояти ҳокимлиги
Ахборот хизмати









