«III Наманган халқаро зотдор чорва ҳайвонлари ва паррандалар кўргазмаси» барчада катта қизиқиш уйғотмоқда
2025-11-22 13:10:00 / Янгиликлар

Тадбирнинг тантанали очилиши маросимида Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов сўзга чиқиб, кейинги йилларда мамлакатимизда ҳурматли Президентимиз раҳнамоликларида туризм ривожига қаратилаётган катта эътибор натижасида халқаро миқёсдаги тадбирлар сони ортиб бораётганини эътироф этди. Бугунги кўргазма ҳам нафақат маҳсулот ёки ҳайвон зотлари намойиши, балки ривожланиш стратегияси, келажак режалари, ҳамкорлик истиқболларининг муҳим майдони эканини таъкидлади.
Жорий йилнинг ўзида вилоятда қорамоллар бош сони 12,1 фоизга, қўй ва эчкилар 11,4 фоизга, паррандалар эса 44,3 фоизга кўпайган. Айниқса, соҳада наслчиликка алоҳида эътибор қаратилаётгани ўз самарасини бермоқда.
Кўргазмада ушбу рақамлар ўз исботини топди: юздан зиёд зотдор от, туя ва қорамоллар, ноёб қўй ва эчки турлари, паррандалар барчада катта қизиқиш уйғотмоқда.
Халқаро фестивал даражасига кўтарилган ушбу тадбирда қўшни Қирғиз Республикасидан ҳам бир гуруҳ соҳа вакиллари иштирок этишмоқда. Бугун кечга қадар давом этадиган тадбир якунида турли номинациялар бўйича ғолиб бўлганлар қимматбаҳо эсдалик совғалари билан тақдирланади.
Наманган вилояти ҳокимлиги
Ахборот хизмати









