Мўғулистондан келтирилган қўйлар Янгиқўрғон иқлимига мослашмоқда
2025-11-21 18:30:00 / Янгиликлар

Маълумки, Мўғулистон қўйлари яйлов ҳолатида боқишга мўлжалланган. Янгиқўрғонлик тадбиркорлар бунинг ҳам йўлини топишди: қўйларнинг бош қисмига махсус ҳимоя воситалари кийдириб қўйилса, боғ қатор ораларида дарахтларга шикаст етказмасдан, озиқланади. Изланувчан тадбиркорлар интернетдан шу усулни ўрганиб, амалда қўллаяптилар.
Ҳозир тумандаги 2 та чорвачиликка ихтисослашган фермер хўжаликлари томонидан 1085 бош зотли қўйлар олиб келиниб, 2029 йил якунига қадар улар сонини 10 минг бошга етказиш белгиланган.
Жумладан, “Жўра Охунов Шарқ Юлдузи” агрофирмаси ҳудудидаги “Нурафшон юрт чорваси” фермер хўжалигида Мўғулистондан олиб келинган 500 бош зотли қўйлар парваришланмоқда.
Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов Янгиқўрғон туманидаги ўрганишлари давомида айни масалага ҳам эътибор қаратди. Бу борадаги ишларни давом эттириш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқлар берди.
Туманнинг иқлим шароитига тез мослашувчан ушбу қўйлар зоти гўшт ва жун етиштиришга мўлжалланган.
Наманган вилояти ҳокимлиги
Ахборот хизмати









