Замонавий соҳа - Ахборот технологияларига қизиққан ёшлар билан мулоқот бўлиб ўтди
2025-11-15 14:00:00 / Янгиликлар

Наманган вилоят ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов бу гал ахборот технологиялари йўналишида фаолият олиб бораётган ёшлар билан учрашди.
Унда вилоятдаги ҳуқуқни мухофаза этувчи идоралар раҳбарлари, тегишли ташкилот, муассасалар мутасаддилари, Ахборот - коммуникация йўналишида таҳсил олаётган талабалар ва АйТига қизиққан ёшлар иштирок этдилар.
Наманган вилоятида айни соҳада охирги 5 йил давомида 12 та марказ фаолияти йўлга қуйилди, Наманган шаҳрида IT Parkининг Наманган филиали ташкил этилди, шунингдек, “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси доирасида 480 минг нафар ёшлар ўқитилди.
Наманган Давлат Университетининг Янги Наманган шаҳарчасида жойлашган янги биносида ташкил этилган навбатдаги “Ҳоким ва ёшлар” учрашуви ушбу ютуқлар ва келгуси вазифалар муҳокамасига бағишланди.
Самимий мулоқот шаклида ўтган учрашувда ахборот технологиялари соҳасида таҳсил олаётган талабалар, ўқув марказларида ишлаётган ёш мутахассислар, олий таълим муассасаларининг мустақил тадқиқотчилари ахборот технологиялари соҳасини ривожлантириш, сунъий интеллект, рақамлаштириш бўйича ўз лойиҳалари, ғоялари ва илмий изланишлари ҳақида фикр-мулоҳазаларини билдириб, мурожаатларини йўлладилар.
Мулоқот давомида ёшларнинг аксарият мурожаатларига шу ерда ечим топилди. Вақт талаб этиладиганларига тегишлилиги бўйича ҳал этиш учун соҳа раҳбарларига аниқ топшириқлар берилди.
Наманган вилояти ҳокимлиги
Ахборот хизмати









