Хоразм вилоятида Ички ишлар вазири иштирокида халқ депутатлари вилоят Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди
2025-03-15 12:40:00 / Янгиликлар

Тадбирда вилоят ҳокими, халқ депутатлари Кенгашининг аъзолари, жамоатчилик фаоллари, ҳамкор ташкилотларнинг мутасаддилари ҳамда вилоят ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларининг раҳбарлари иштирок этдилар.
Йиғилишда ташкилий масала кўрилди. Ички ишлар вазирининг буйруғи билан Тошкент шаҳар Юнусобод тумани ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи лавозимини эгаллаб келган полковник Шермухамедов Абдумажид Мавлянович Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланди.
Шунингдек, кун тартибига мувофиқ, Давлатимиз раҳбарининг жорий йилда республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизимини такомиллаштиришга қаратилган қарорини ижроси, вилоят ички ишлар органлари фаолиятининг йиллик сарҳисоби ҳамда келгусида тизим фаолиятини янада такомиллаштиришга оид масалалар атрофлича муҳокама қилинди.
Тадбирда кўтарилган муаммолар ва ечимини кутаётган масалалар бўйича соҳа мутасаддиларининг таклиф ва мулоҳазалари тингланиб, янги тайинланган вилоят ИИБ раҳбарига тегишли топшириқлар берилди.