Республика ишчи гуруҳининг Навоий вилоятидаги ўрганишлари Хатирчи ва Қизилтепа туманларида давом этмоқда
2025-02-12 20:00:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Президентининг маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисидаги қарори ижросини таъминлаш мақсадида мамлакатимизнинг барча туман-шаҳарларида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
Топшириққа асосан Ички ишлар вазири генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов бошчилигидаги ишчи гуруҳ Навоий вилоятида қарор мазмун моҳиятини тушунтириш ва белгиланган вазифаларни ижросини таъминлаш чораларини кўрмоқда.
Ишчи гуруҳнинг ўрганишлари Хатирчи, Қизилтепа туманларида давом этди. Хатирчи туманнинг криминоген вазияти оғир “Дамариқ” маҳалласида туман ИИБ бошлиғининг маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратишнинг ташкилий-профилактик асослари акс этган шунингдек, жорий йилнинг биринчи чорагида амалга оширилиши режалаштирилган чора-тадбирлар тўғрисидаги тақдимоти билан танишилди.
Унга кўра туманда кўп қаватли уйларга кириш йўлакларида 2 дона “ташвиш тугма”лари, эшикларига 4 дона “домафон” комплексларини ўрнатиш, 235 та кўп қаватли ва якка тартибдаги хонадонларни, 20 та савдо ва маиший хизмат кўрсатиш объектларини техник қўриққа олиш, маҳаллаларнинг кириш ва чиқиш жойларида 20 дона юзни таниб олувчи камералар ўрнатилиши ҳамда 45 та “Намунавий хавфсиз кўча”, 110 та “Намунавий хавфсиз йўлаклар” ташкил этилиши режалаштирилган.
Шу ернинг ўзида “қизил” тоифадаги Навбаҳор, Дамариқ, Фаровон МФЙлари еттилиги, туман сектори ва алоқадор ташкилотлар раҳбарлари иштирокида қарор ижросини таъминлаш ҳамда унинг мазмун моҳиятини ижрочиларга етказиш мақсадида йиғилиш ташкил этилди.
Ишчи гуруҳнинг Қизилтепа туманидаги ўрганишлари “Сўфиён” маҳалла еттилиги, сектор раҳбарлари ҳамда мутасаддилар билан учрашувдан бошланди. Жараёнда туман ИИБ бошлиғи ҳамда мазкур маҳалла профилактика инспекторларининг тақдимотлари тингланиб маҳаллаларда криминоген вазиятни барқарорлаштириш ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизимини ташкил этиш бўйича манзилли чора-тадбирларнинг намунавий “йўл харитаси” билан танишилди. Тумандаги “қизил” тоифадаги маҳаллаларни криминоген вазиятини барқарорлаштириш мақсадида профилактика инспекторларига маҳаллий бюджет ҳисобидан компьютер жамланмалари топширилди.
Маҳалла еттилиги ва туман масъуллари билан ўтказилган учрашувларда қарор талабларидан келиб чиқиб маҳалла, туман, вилоят масъулларига аниқ топшириқлар белгилаб берилганлиги, устувор вазифаларни ўз вақтида сифатли бажарган масъуллар рағбатлантирилиши, аксинча қарор ижросини таъминлашда масъулиятсизлик қилган мутасаддилар жазоланиши таъкидлаб ўтилди.
Ишчи гуруҳ аъзолари вилоятнинг барча шаҳар-туманларида бўлиб, криминоген вазият оғир маҳаллаларда ҳуқуқбузарликларга сабаб бўлаётган омилларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш бўйича манзилли ўрганишлар олиб бормоқда.
ИИВ Ахборот хизмати