Навоий вилоятида жиноятчиликнинг олдини олиш ва хавфсиз муҳит яратиш бўйича ўрганишлар давом этмоқда
2025-02-11 19:35:00 / Янгиликлар

Республика ишчи гуруҳи мазкур қарор талабларининг ижросини ўрганиш ишларини Навоий вилоятининг барча шаҳар ва туманлар кесимида амалга оширмоқда.
Жумладан, Нурота туманидаги криминоген вазияти оғир ҳисобланган “Шаҳристон” маҳалласида туман сектор раҳбарлари, мутасадди ташкилот вакиллари ҳамда маҳалла еттилиги иштирокида суҳбат ташкил этилиб, қарор мазмун-моҳияти тушунтирилди, унинг ижросини таъминлаш бўйича бир қатор топшириқлар берилди. Шунингдек, республика ишчи гуруҳига туманда жиноятчиликни жиловлаш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган ишлар ва маҳалла еттилиги фаолияти бўйича режалаштирилган ишларнинг тақдимоти бўлиб ўтди.
Унга кўра, туманда мавжуд 6 та “қизил” тоифадаги маҳаллаларнинг барчаси прокуратура, Ички ишлар органлари, Миллий гвардия ҳамда сектор раҳбарларига номма-ном бириктирилган бўлиб, ҳар бири юзасидан “Йўл хариталари” тасдиқланган. Шу билан бирга жорий йилнинг биринчи чорагида туманда 2 та “Намунали хавфсиз кўча“ ҳамда 8 та “Намунали хавфсиз йўлак“ларини жорий этиш, аҳоли гавжум жойларида 65 та кузатув ва 30 та юз қиёфасини ва давлат рақамларини аниқлаш имкониятига эга камералар ўрнатиш, 12 та хонадон ва 15 та савдо шохобчаларини Миллий гвардия томонидан қўриқловга олиниши ҳамда тумандаги 15 та кўча бўйлаб ёритиш тизимини ўрнатилиши режалаштирилган.
Республика ишчи гуруҳи вилоятнинг Навбаҳор тумани “Қоровултепа” маҳалласида ўрганиш ишларини олиб борди. Жараёнда криминоген вазияти оғир бўлган мазкур маҳаллани жиноятдан ҳоли ҳудудга айлантириш бўйича тақдимот қилинди. Жумладан, жорий йилнинг биринчи чорагида маҳалла ҳудудида 11 та интеллектуал видеокузатув камералари ўрнатилиши, 15 та хонадон ва 12 та савдо шохобчалари Миллий гвардия қўриқловига олиниши, шунингдек 20 та кўчаларда ёритиш мосламалари ўрнатилиши режалаштирилган.
Тадбир давомида туман сектор раҳбарлари томонидан Навбаҳор туманида “Тартибли меҳнат миграциясини намунасини яратиш” лойиҳасини ҳамда Миллий гвардия Қўриқлаш бошқармаси томонидан туман ҳудудини рақамлаштиришга оид режалаштирилган ишлар тақдимотлари қилинди.
Ўрганишлар давомида масъуллар эътибори ҳудудлар криминоген вазиятни яхшилаш ҳамда ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олишга қаратилган вазифалари муҳокама қилиниб, аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича тегишли топшириқлар берилди.
Республика ишчи гуруҳи томонидан Навоий вилоятидаги барча маҳаллаларда ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш борасидаги ишлар ўрганилиб, криминоген вазиятни яхшилашга қаратилган аниқ манзилли чора-тадбирлар белгиланмоқда.