Ички ишлар вазири генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов бошчилигидаги республика ишчи гуруҳи Самарқанд вилоятида мавжуд “қизил” тоифадаги маҳаллаларни ўрганди
2025-01-29 15:15:00 / Янгиликлар

Қарор ижросини таъминлаш юзасидан ишчи гуруҳ томонидан Булунғур туманининг “Гулистон” маҳалласида туман сектор раҳбарлари, маҳалла еттилиги ва бошқа масъул ташкилотлар вакиллари иштирокида ҳудудда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ўрганилди.
“Гулистон” маҳалласида криминоген вазиятни барқарорлаштиришга қаратилган иш тўғри ташкил этилмагани, бунда маҳалла еттилиги, туман 3-сектор раҳбари ҳамда ҳудудга бириктирилган масъулларнинг ишлари қониқарсиз эканлиги, натижада маҳалла “қизил” тоифага тушиб қолганлиги кескин танқид қилинди. Маҳаллани қисқа фурсатларда “қизил” тоифадан чиқариш учун барча керакли чораларни кўриш юзасидан топшириқлар берилди.
Туманда “қизил” тоифада бўлган 7 та маҳаллага раҳбарлар бириктирилди. Шунингдек, кўчаларга 130 та кузатув ҳамда 50 та юзни ва авторақамларни таниб олувчи видео кузатув мосламалари ўрнатиш, тумандаги мавжуд бозорлар ҳудудини тўлиқ камералар билан таъминлаш, тадбиркорлик ва савдо шохобчаларини қўриқловга олиш ҳамда туман ҳудудида мавжуд бўлган кўп қаватли уйларнинг кириш эшикларига замонавий домофонлар ўрнатиш масъуллар зиммасига юкланди.
1-чорак давомида туман ҳудудида “Намунали хавфсиз кўча” ва “Намунали хавфсиз йўлак”ларни ташкил қилиш, видеокамералар ўрнатиш ҳамда вазиятни назорат қилиш борасида масъулларга қўшимча топшириқлар берилди.
Тадбир давомида ишчи гуруҳ Жомбой туманининг “Зарафшон” маҳалласида бўлиб, ушбу маҳаллани “қизил” тоифадан чиқариш юзасидан манзилли ишларни ташкил этиш белгиланди. Туман ҳокимининг “йўл харитаси” асосида маҳалла ҳудудида 9 та авторақамларни таниб оладиган ва 16 та юзни таниб олувчи камералар ўрнатиш таклиф этилди, шунингдек, туманнинг “Катта қишлоқ” маҳалласида 5 маҳаллани бирлаштирадиган ҳуқуқ-тартибот маскани қурилиши ҳам режалаштирилди.
Жомбой тумани тажрибаси мисолида Миллий Гвардия инспектор-психолог ходими томонидан Мактаб ва мактабгача таълим бошқармаси масъуллари билан ҳамкорликда “Хавфсиз бола” мавзусида туман миқёсида амалга оширилиши режалаштирилган вазифаларнинг тақдимоти ўтказилди. Жараёнда тумандаги мавжуд 56 та умумтаълим мактабларида “Хавфсиз бола – хавфсиз мактаб” йўналишида амалга оширилиши лозим бўлган вазифалари юзасидан таклифлар билдирилди.
Ишчи гуруҳи аъзоларининг Самарқанд вилоятидаги шаҳар ва туманларда қарорнинг мазмун-моҳиятини тушунтириш ишлари изчиллик билан давом этмоқда.