Ички ишлар вазири генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов бошчилигидаги ишчи гуруҳ Қашқадарё вилоятида ўз фаолиятини бошлади
2025-01-21 21:25:00 / Янгиликлар
Вилоят Ички ишлар бошқармасида ҳамкор давлат органлари ва ташкилотлар масъуллари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди. Йиғилишда мазкур қарорининг мазмун моҳиятини ижро органларининг барча бўғинларига етказиш, интерфаол методлардан фойдаланган ҳолда унинг самарадорлигини ошириш масаласига эътибор қаратилди.
Қарор талабларидан келиб чиқиб, вилоятнинг ҳар бир туман ва маҳаллаларига ички ишлар органлари, прокуратура, Миллий гвардия, ҳокимият ҳамда алоқадор ташкилотларнинг масъуллари бириктирилди.
Шунингдек, Президентининг “Ўзбекистон — 2030” стратегиясида белгиланган устувор мақсадларга эришиш, Ўзбекистон Республикасининг “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида”ги Қонуни ҳамда Жамоат хавфсизлиги концепциясида белгиланган устувор вазифаларнинг амалий ижросини таъминлаш бўйича масъулларга топшириқлар берилди.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратишнинг ташкилий-профилактик асосларини замон талабларига мослаштириш, содир этиладиган қонунбузилишларнинг асл омилларини ўз вақтида аниқлаш ва комплекс чора-тадбирлар билан манзилли бартараф этиш орқали жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш, ҳуқуқбузарликни содир этишга сабаб бўлаётган ижтимоий-маиший муаммоларни ижтимоий профилактика чоралари тизими орқали ҳал этиш ҳамда аҳолида шахсий хавфсизлик ҳиссини шакллантириш борасида самарали чора-тадбирларнинг мазмун-моҳияти ҳақида масъуллар томонидан иштирокчиларга тушунтиришлар берилди.
Ўтган йилда жиноят содир этилган ҳар бир маҳаллада криминоген вазиятни барқарорлаштириш ҳамда жиноятларни барвақт профилактика қилишнинг маҳаллалар кесимида чораклик манзилли чора-тадбирларини белгилаган ҳолда маҳалла-туман-вилоят даражасида унинг ижроси учун бевосита масъул раҳбарларни бириктириш ва аниқ соҳавий жавобгарликни юклаш, илмий-амалий ёндашувлар асосида жойларга чиққан ҳолда мақсадли ўрганишларни ўтказиш орқали ҳуқуқбузарликларга сабаб бўлаётган асл омилларни аниқлаш ва барҳам бериш бўйича ташкилий-ҳуқуқий чораларни кўриш, маҳаллаларда ёшлар, аёллар ва ишсизлар томонидан, шунингдек, оила-турмуш муносабатлари доирасида содир этиладиган жиноятларнинг олдини олишда “маҳалла еттилиги” ҳар бир вакилининг аниқ масъулиятини белгиланди.
Келгусида ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишнинг самарали тизимини шакллантириш мақсадида “E-ijtimoiy profilaktika”, “E-maʼmuriy ish” ахборот тизимларини амалиётга кенг жалб этиш бўйича топшириқлар берилди.
ИИВ Ахборот хизмати