Давлат ҳокимияти органлари раҳбарлари ва сектор бошлиқлари учун алоҳида ўқув-амалий семинар ўтказилди
2024-12-12 16:35:00 / Янгиликлар
Тадбир жараёнида тингловчиларга жамоат хавфсизлигини таъминлаш, маҳаллаларда тинч ва хавфсиз муҳит яратиш, шунингдек, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишда сектор раҳбарларининг вазифалари ҳақида атрофлича маълумот берилди. Хусусан, жиноятчиликнинг олдини олиш, жиноятларни фош этиш ва маҳаллаларда жиноятлар сонини кескин камайтириш бўйича аниқ вазифаларга эътибор қаратилди.
“Обод ва хавфсиз маҳалла“ тамойили доирасида ижтимоий профилактика тизимининг самарадорлигини ошириш чоралари ҳам кўриб чиқилди. Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 30 ноябрдаги қарори асосида ижтимоий профилактика объектлари билан ишлашга оид тавсиялар берилди.
Семинар доирасида “Хавфсиз оила” тамойили, маҳаллада хавфсизликни таъминлашга қаратилган тажрибалар, жиноятлар муҳокамаси, ёшлар билан ишлаш, куз-қиш мавсумига тайёргарлик, шунингдек, камбағалликни қисқартиришга оид долзарб муаммоларни ҳал этиш бўйича интерфаол ўқувлар ўтказилди.
Мазкур ўқув семинари 21 декабргача 3 босқичда ва 3 та гуруҳ билан ўтказилиши режалаштирилган. Ҳар бир гуруҳда 250 нафардан ортиқ тингловчи иштирок этаётган бўлиб, қуидаги босқичда вазирлик ва идора масъуллари, шунингдек, Фарғона, Самарқанд, Сурхондарё, Қашқадарё ва Наманган вилоятлари сектор раҳбарлари қатнашмоқда.