АҚШнинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Джонатан Хеникнинг Ички ишлар вазирлигига ташрифи амалга оширилди
2024-08-07 16:30:00 / Янгиликлар
Жорий йилнинг 7 август куни Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигида АҚШнинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Джонатан Хеник билан Ички ишлар вазирлиги масъуллари ўртасида эҳтиром учрашуви бўлиб ўтди.
Мулоқот давомида Ўзбекистон ички ишлар органлари ва АҚШ ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ўртасида ўзаро ҳамкорлик алоқаларининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш, жиноятчиликка қарши курашиш, жамоат тартиби ва хавфсизлигини таъминлаш, ўзаро тажриба алмашиш ҳамда кадрлар малакасини ошириш каби икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш истиқболларига оид масалалар муҳокама қилинди.
Дўстона ва конструктив руҳда ўтган учрашув якунида икки мамлакатнинг ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш борасида тегишли вазифалар белгилаб олинди.
ИИВ Халқаро ҳамкорлик бошқармаси