Ички ишлар вазири бошчилигидаги ишчи гуруҳ тунги вақтда пойтахтимизнинг Чилонзор ва Учтепа туманларида ўрганиш ишларини олиб борди
2024-07-30 11:30:00 / Янгиликлар

Ички ишлар вазири раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ томонидан Тошкент шаҳрининг Чилонзор ва Учтепа туманларида ички ишлар бўлимлари шахсий таркиби томонидан жамоатчилик билан ҳамкорликда тунги вақтларда ташкил этилаётган ишлар ва ҳудудларда амалга татбиқ этилаётган хавфсизлик чоралари тизимли равишда ўрганиш давом этмоқда.
Тадбир давомида Чилонзор тумани Бунёдкор кўчасида жойлашган «Integro» савдо-кўнгилочар мажмуасида хизматни ташкил этиш, фуқаролар хавфсизлигини қай даражада таъминланганлиги ҳамда мажмуада аҳоли учун яратилган шарт-шароитлар ўрганилди.
Мажмуага хавфсизликни таъминлашга жалб қилинган ходимларнинг ахборотлари тингланди, ходимларнинг ҳуқуқбузарликларни олдини олиш бўйича тезкор шайлик ҳолати назорат тариқасида текширилди, шунингдек ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари билан ҳамкорликда хизматни ташкиллаштириш борасида тегишли кўрсатмалар берилди.
Тадбир давомида ишчи гуруҳ томонидан Чилонзор туманида дислокация қилинган Тошкент шаҳар Қўриқлаш бошқармаси туманлараро бўлинмаси фаолияти ўрганилди.
Жараёнда, хизматга жалб этилган шахсий таркиб ва бириктирилган куч ва воситаларнинг шайлиги, шунингдек уларнинг тезкор вазиятни барқарорлигини таъминлашга тайёргарлиги текширилиб, хизмат фаолиятини такомиллаштириш юзасидан аниқ вазифалар берилди.
Ўрганишлар давомида туманнинг «Ал-Хоразмий» маҳалласида маҳалла фаоллари билан учрашиб, маҳаллада аҳоли осойишталигини таъминлаш бўйича ташкил этилган ишлар билан танишилди. Жараёнда, маҳаллада амалга оширилаётган ишларнинг амалий натижалари намойиш этилди.
Амалга оширилаётган ижобий ишлар натижасида маҳалла ҳудудида жиноятлар сони қарийб икки баробар камайгани, ишчи гуруҳ томонидан алоҳида эътироф этилди. Маҳалла аҳолиси ва ёшларнинг китобхонлик саводини ошириш мақсадида маҳалла идораси кутубхонаси кўздан кечирилди, китоб фондини кўпайтириш бўйича тавсиялар берилди.
Текширув давомида ишчи гуруҳ аъзолари Учтепа тумани ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича 3-сектор штаби фаолияти, масъулларнинг иш жараёни ҳамда ходимларга яратилган шароитлари билан ҳам танишилди.
Асосий эътибор, ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда намунавий хизмат ўташ моделларини амалга киритилиши, маҳалларда шахсий хонадонлар ва жамоат жойларида видеокузатув қамрови оширилиши, шаҳар йўлларида хавфсиз ҳаракатланиш, пиёдалар айниқса болалар, ёшлар ва аёллар хавфсизлигини таъминлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларга қаратилди.
Шунингдек ишчи гуруҳ аъзолари туманнинг «Ўрикзор» маҳалласи Самарабону кўчасида илгари қаровсиз бўлган ҳудуд ободонлаштириб, сайилгоҳга айлантирилган манзилни ҳамда туманнинг «Саракўл», “Ю.Саккокий”, «Зарафшон» маҳаллалари ҳудудлари ва «Ўрикзор» савдо мажмуасига хизмат кўрсатувчи янги барпо этилган Ҳуқуқ тартибот маскани билан танишдилар.
Ўрганиш жараёнида, аниқланган барча камчиликлар танқидий муҳокама қилиниб, келгусида хизмат фаолиятини такомиллаштиришга оид мақсадли чора-тадбирлар белгилаб олинди.